12:41 / 22.12.2021
8325

“Ўзи кичкина-ю, дарди кўп болам” – ёлғиз ва чорасиз она фарзандининг кўзларига нур истайди

Маъмура бир эмас, бир нечта хасталиклар билан оғриётган 4 ойлик чақалоғини даволатиш илинжида чора излаяпти. Гўдагининг дардига даво излаётган бир пайтда аёл турмушнинг яна бир зарбасига учраган – турмуш ўртоғи уларни ташлаб кетган.

“Фарзандим муддатидан аввал туғилди. Яшаб кетишига умид йўқ, дейишганди. Шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари билан ҳозир 4 ойлик бўлди.

Туғма юрак пороги билан туғилган боламда чов чурраси, кўзида эса чандиқ аниқланди. Шу чандиқ катталашиши оқибатида кўз қорачиғига етса бола кўр бўлиб қолиши мумкинлигини ва жарроҳлик операцияси зарурлигини айтишди. Афсуски, бу муолажа фақат хорижда қилинар экан”, дейди гўдаги билан имконсиз қолган она.

Аммо ҳозир унда бу операцияни амалга ошириш учун маблағ йўқлиги сабаб саховатли инсонларнинг кўмагига муҳтож. Бола туғилгач, унда аниқланган нуқсонлар сабаб Маъмуранинг турмуш ўртоғи уларни ташлаб кетган. Энг ачинарлиси, шифокорлар аёлга саломатлиги сабаб бошқа фарзанд кўрмасликни тавсия қилишган: “Чала туғилгани учун боламни махсус бўтқа билан катта қилишга тўғри келяпти. Узлуксиз даволанишлар учун дори-дармонлар ҳам қийнаб қўйди.

Ўзимнинг бошимда гемангиома бор. Ҳомиладорлигим сабаб баттар зўрайиб кетди ва бошқа фарзанд кўрмасликни тавсия қилишди.

Кундан кунга тушкунликка тушиб боряпман. Болам тузалиб кетишидан умид қиляпман. Ўзи кичкина бўлса ҳам, дарди кўп бўлди”.

Муҳаммад Юсуфнинг кўзларига нур бағишлаш, хасталиклардан фориғ бўлиб, онасининг бағрида улғайиши учун баҳолиқудрат кўмаклашиш билан эзгу амалларимизни кўпайтириш имконимиз бор. Бундан фойдаланиш она ва боланинг ҳаёти учун нечоғли зарур ва савобли эканини таъкидлашга ўрин йўқ.

Муҳаммад Юсуф Алимуҳамедовга оид маълумотлар:

Ўзкард: 8600 5103 6830 8479 холаси Манзура Мирзаева номида

Виза: 4195 2500 4036 4232 таниши Ойдиной Аҳмедова номида

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top