Хоразм вилояти Урганч шаҳри “Наврўз” маҳалласида фуқаро ҳеч қандай ҳужжатларсиз 98 метр узунликда пойдевор қуйиб, девор тиклаган. Шаҳар ҳокимлиги бу ноқонуний қурилма масаласини қарийб 6 ойдан бери пайсалга соляпти.
Ер майдони Шифокорлар кўчасида жойлашган Пульмонология маркази олдида жойлашган. Хоразм вилояти Қурилиш бош бошқармасининг Урганч шаҳар қурилиш бўлими берган маълумотга кўра, бу ҳудуд ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ва қурилиш ишлари ҳам ноқонуний.

Аниқланишича, Урганч тумани Чаккашоликор қишлоғида яшовчи фуқаро З.Р. бу ҳудуднинг 98 метр ер майдонини ҳеч қандай ҳужжатларсиз, рухсатсиз, ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, пойдевор қилган ва девор тиклаган.
Фуқаролик кодексининг 212-моддасига кўра, қонунчиликда белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади.

Қурилиш бўлими 2021 йил 30 июнь куни фуқарога қурилишни тўхтатиш ҳақида огоҳлантириш хати берган.
Шунингдек, Қурилиш бош бошқармаси томонидан бу қурилмани бузиб ташлашда Урганч туманлараро судига ишни қонун доирасида кўриб чиқиш учун даъво аризаси билан мурожаат қилишда амалий ёрдам сўралиб, Урганч шаҳар ҳокимлигига 2021 йил 30 июнь куни хабарнома юборилган.
Google Earth дастури орқали жойнинг аввалги ҳолати текширилганда яшил ҳудуд эканини, дарахтлар борлигини кўриш мумкин. Бу дарахтларни ким кесиб ташлагани, рухсат олинган ёки йўқлиги ҳам номаълум.


Урганч шаҳар ҳокимлиги берган изоҳга кўра, ноқонуний қурилма бўйича тўпланган ҳужжатлар асосида судга даъво аризаси киритиш чоралари кўрилмоқда. Бироқ, бу иш қарийб 6 ой давомида қилинмагани ва пайсалга солингани ажабланарли.














