Ўзбекистон | 16:38 / 25.12.2021
14262
3 дақиқада ўқилади

“Юк ташиш фаолияти учун лицензия олиш талабларини кучайтириш керак”. ЙҲХББ бошлиғидан 7 та таклиф

Барча юк автомобилларини “видеорегистратор” мосламаси билан жиҳозлаш, уларнинг ҳаракатланиши устидан жамоатчилик назорати тизимини йўлга қўйиш, юк ташиш фаолияти учун лицензия олиш талабларини кучайтириш таклиф этилди.

Фото: Shutterstock

Тошкентда ИИВ ЙҲХББ томонидан юк ташиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар иштирокида йиғилиш ўтказилди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Йиғилишда сўнгги вақтда юк ташиш фаолияти билан шуғулланувчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини менсимаслиги ва ҳайдовчилик маданияти етарли эмаслиги сабабли йўлларда юк автомобиллари билан боғлиқ ЙТҲ содир этилаётгани айтилди.

ЙҲХББ бошлиғи Олим Саидов мазкур муаммоларга барҳам бериш ва юк ташиш соҳасини тартибга солиш бўйича 7 та таклиф билдирди. 

“Биринчидан, юк ташиш фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома (лицензия) олишга бўлган талабларни кучайтириш керак”, деди полковник сўзи аввалида.

Иккинчи таклиф – барча автокорхоналарнинг юк транспорт воситаларини (айниқса, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошган) навбатдан ташқари техник кўрикдан ўтказиш билан боғлиқ.

Учинчидан, йўлларда маъмурий профилактикани кучайтириш мақсадида барча юк автомобилларини “видеорегистратор” мосламаси билан жиҳозлаш лозим.

“Автокорхоналарда махсус мониторинг гуруҳлари ташкил этилиб, видеорегистраторларга олинган қоидабузарликлар Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг махсус сайтига кунлик жойлаб борилади. Мазкур видеоларни юборганлик учун олинган мукофот пуллари ҳайдовчиларни рағбатлантиришга йўналтирилади”, деди бош бошқарма раҳбари.

Тўртинчидан, юк автомобилларининг ҳаракатланиши устидан жамоатчилик назорати тизимини йўлга қўйиш муҳимлиги айтилди.

“Бунда ҳар бир автомобилнинг ён ва орқа қисмига махсус ёрлиқ ўрнатилиб, унда транспорт корхонаси раҳбарининг телефон рақами ёки телеграм манзили кўрсатилади ва ҳайдовчи томонидан қоидабузарлик содир этилган тақдирда фуқаролар бу ҳолатни тасвирга олиб, бу ҳақда раҳбариятига хабар беришлари мумкин бўлади”, деди Олим Саидов.

Бешинчи таклиф ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга масъул бўлган идора вакиллари иштирокида “Telegram” гуруҳини ташкил этиш ва барча муаммоли масалаларнинг ечимини топишда ҳамкорликни йўлга қўйиш ва доимий фикр алмашиб бориш бўйича бўлди.

“Олтинчидан, ҳайдовчилар томонидан хизмати вақтида меҳнат кодексига риоя қилиниши, рулда узлуксиз бўлган вақти ва масофаси белгиланган меъёрлардан ошмаслиги устидан доимий назорат олиб бориш. Бунда ташкилотларнинг “ҳаракат хавфсизлиги” бўйича назорат қилувчи ходимларининг (БД) масъулиятини кучайтириш.

Еттинчидан, юк автомобилларига йўлнинг четки чап бўлагида ҳаракатланишни тақиқлаш, ушбу бўлакка фақатгина чапга бурилиш ёки ортга қайрилиб олишда ҳаракатланишга рухсат этишни Йўл ҳаракати қоидаларида белгилаш”, деди ЙҲХББ бошлиғи.

Маълумот учун, 2021 йилнинг ўтган 11 ойида республикада содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари сони 8 минг 731 тани ташкил этди. Шундан 964 та “авария” (11 фоиз) юк автомобиллари иштирокида юз берган. Жорий йил давомида юк ташиш билан боғлиқ ЙТҲларда 396 киши ҳалок бўлган, 804 нафар фуқаро жароҳатланган.

Мавзуга оид