АҚШда юк машинасини, яъни тракни ҳайдаш нафақат касб, балки кўплаб ўзбекистонликлар учун имкониятлар манбаи ҳисобланади. Бу соҳа юртдошларимиз учун катта аҳамиятга эга бўлиб, кўпчилик учун Қўшма Штатларда муваффақиятли ҳаёт кечиришнинг калитига айланган.

Шубҳасиз, COVID-19 пандемияси даврида юк ташиш ўзининг энг шонли даврини бошдан кечирди. Аммо пандемия тугаши билан қийинчиликлар бошланиб, соҳа "Буюк юк ташиш инқирози" деб номланган оғир даврга кириб қолди. Хусусан, юк ҳажми қисқарди, тўлов ставкалари пасайди ва кўплаб корхоналар банкрот бўлди. Бу инқироз ўзбекистонлик ҳайдовчилар ва уларнинг оилалари учун катта зарба бўлди, чунки юртдошларимиз учун бу нафақат иш, балки бутун ҳаёт тарзини ташкил этарди.

АҚШдаги юк ташиш соҳаси мамлакат таъминот занжирининг ажралмас қисми ва иқтисодиётининг асосий таянчларидан бири ҳисобланади. Юк ташиш соҳасини янада аниқроқ тушуниш учун RXO корхонаси томонидан тақдим этилган маълумотларга эътибор қаратиш муҳим. Хусусан:

  • Мамлакатда амалга ошириладиган барча юк ташиш операцияларининг 72,5 фоизи қуруқликда юк машиналари орқали амалга оширилади;
  • Ҳар йили ушбу сектор АҚШ иқтисодиётига 791,7 миллиард долларлик даромад олиб келади;
  • Ҳозирда АҚШда 3,91 миллион Сlass 8 турига мансуб оғир юк машиналари йўлларда ҳаракатланмоқда.

Албатта, бу рақамлар АҚШдаги юк ташиш саноатининг улкан аҳамияти ва унинг фаолияти қанчалик кенг қамровли эканини аниқ кўрсатиб беради. Қолаверса, ушбу сегментдаги бозор жуда тарқоқ эканини ва ҳеч қайси корхона йирик монопол мавқега эга эмаслигини алоҳида таъкидлаш лозим. Бу эса катта бозорда ҳар бир иштирокчи учун фойда олиш имкониятини яратади. Мисол учун, йирик ўнталикка кирувчи маҳаллий юк ташиш корхоналари умумий бозорнинг атиги 6 фоизини эгаллайди. Бундан ташқари, бозордаги корхоналарнинг 97,4 фоизи 20 тадан кам юк машиналари билан ишлайди, бу эса соҳанинг тарқоқ характерини аниқроқ кўрсатади. Эътиборлиси, АҚШда фаолият юритаётган ўзбек корхоналарининг аксарияти кичик ҳажмдаги юк ташиш компаниялари қаторига киради.

Юртдошларимиз учун бу соҳани танлаш сабаблари нимада?

Нега кўплаб ўзбек корхоналари АҚШда юк ташиш соҳасида тадбиркорлик билан шуғулланади? Бу бозорнинг шароитларини яхшироқ тушуниш учун унга яқиндан назар ташласак, бир неча асосий иқтисодий омилларнинг таъсирини кўриш мумкин. Биринчидан, бу соҳада кириш ва чиқиш учун паст тўсиқлар мавжуд бўлиб, янги ташувчилар учун бозорга кириш нисбатан осон.