Жаҳон | 19:37 / 27.12.2021
11582
2 дақиқада ўқилади

Путин Раҳмон билан учрашувда тожикистонлик мигрантларнинг Россияда яшашга мослашувини муҳокама қилди

Путиннинг сўзларига кўра, рус тилини ўрганиш одамларнинг хотиржам ишлаши, ўзларини қулай ҳис қилишлари учун мослашувнинг энг тўғри усули ҳисобланади.

Фото: РИА Новости

Ҳозирда Тожикистоннинг 1 миллион нафарга яқин фуқароси Россияда вақтинчалик асосда яшаб-ишламоқда, деди Россия президенти Владимир Путин Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан учрашувида. Икки мамлакат раҳбарлари учрашуви Санкт-Петербургда бўлиб ўтди.

«Рус тилини ўрганишни истаганлар жуда кўп – бу тушунарли, чунки Россияда Тожикистоннинг 1 миллионга яқин фуқароси вақтинчалик асосда яшаяпти ва ишлаяпти. Ўтган йили улар уйларига 1 млрд 800 млн доллар жўнатган», — деди Путин.

Унинг сўзларига кўра, рус тилини ўрганиш одамларнинг хотиржам ишлаши, ўзларини қулай ҳис қилишлари учун мослашувнинг энг тўғри усули ҳисобланади.

Путин Тожикистон Россиянинг ишончли ва яқин иттифоқчиларидан бири эканини таъкидлади. 

Ўз навбатида, Тожикистон президенти икки мамлакат муносабатлари барча йўналишларда ривожланаётганини қайд этди.

«Россия Тожикистоннинг асосий савдо ва иқтисодий ҳамкори бўлиб қолмоқда. Бу йил товар алмашув 1 млрд доллардан ортиққа ошди, бу ўтган йилгига нисбатан 25 фоизга кўп»,— деди Раҳмон.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид