21:49 / 27.12.2021
18316

Россия-Украина чегарасида 100 километрлик тўсиқ пайдо бўлди

Украинанинг Луганск областида Россия билан чегарада баландлиги 2 метрлик, узунлиги 100 кмни ташкил қилувчи тўсиқ ўрнатилди.

Фото: Суспильне

Тиканли сим билан ўралган тўсиқ Харков областидан бошланади ва у бўйлаб 15 та кузатув камераси ҳамда 4 та тезкор марказ ўрнатилган.

Луганск чегара отряди вакили Татьяна Летошко ушбу тўсиқ қоидабузарларни ушлашда ёрдам беришини, бироқ эҳтимолий душман ҳужумидан сақлай олмаслигини айтган.

Аввалроқ Украина ички ишлар вазири Денис Монастирский Луганск областининг Россия билан чегара қисмига ташрифидан кейин Россия ва Беларусь билан чегараларда девор қуришга ваъда берган. Унинг айтишича, бундай деворлар ноқонуний миграция, контрабанда ва душманнинг бостириб киришидан сақлайди.

Шу йил августида Украина чегара хизмати Россия билан чегарани қўшимча мустаҳкамлашга ўтганди.

Россия билан чегарада девор қуришни 2014 йилда Украинанинг ўшандаги бош вазири Арсений Яценюк ваъда қилган. Лойиҳа траншеялар, зовурлар қуришни ҳамда кузатув миноралари ва таянч пунктлари каби махсус объектлар ўрнатишни кўзда тутган.

Top