Жаҳон | 11:06 / 27.12.2021
22315
12 дақиқада ўқилади

Турли йилларда бир кунда юз берган тўрт зилзила тарихи

1939, 2003, 2004 ва 2006 йилларни бирлаштириб турувчи умумийлик бор. Ушбу 4 йилнинг 26 декабрь санасида Туркия, Эрон, Тайван ҳамда Ҳинд океанида улкан вайроналарга сабаб бўлган зилзилалар содир бўлган.

ЭРЗИНЖОН

Эрзинжон — Туркия шарқидаги шаҳар. Денгиз сатҳидан 1185 м баландликда жойлашган бу шаҳарда бугунги кунда 110 мингдан кўпроқ аҳоли яшайди.

Бугунги Эрзинжон Фото: Википедия

Эрзинжон сейсмик фаол ҳудудда жойлашган бўлиб, ўз тарихида бир неча марта кучли зилзилаларни бошдан кечирган. Сўнгги 800 йил ичида бу ерда 25дан ортиқ вайронкор зилзилалар содир бўлган.

1939 йилнинг 26 декабрида юз берган даҳшатли зилзила натижасида шаҳар бутунлай вайрон бўлган. Қайд этилишича, ўша куни ер етти марта силкинган. Энг кучли силкиниш кучи 7,8 баллни ташкил этгани айтилади. Бу Туркиянинг янги тарихидаги энг кучли, энг вайронкор зилзила ҳисобланади. Зилзиланинг биринчи тўлқинида 8 мингга яқин киши ҳалок бўлган.

Қайта-қайта давом этган силкинишлардан сўнг қурбонлар сони ошиб борган. Эртаси куни фожиа 20 минг одам ҳаётига зомин бўлгани маълум бўлган.

Фавқулодда вазиятдан жабрланганларга ёрдам операцияси бошланади. Зилзила қишда юз бергани учун табиий офатдан зарар кўрган ҳудудларга ёрдам етказиш, зилзила оқибатларини бартараф этиш жуда қийин кечади.

Йил охиригача яна бир неча зилзила кузатилади ва уларнинг айримлари Қора денгизда 1–3 метрли цунамини юзага келтиради. Цунами Қора денгиз соҳилида тиклаб бўлмас вайроналарга сабаб бўлади. Қаҳратонда бошпанасиз қолган кўплаб одамлар ҳам совуқ ҳаво, ҳам сув тошқинлари натижасида ҳалок бўлишади. 1940 йилнинг 5 январида табиий офат қурбонлари сони қарийб 33 мингга етади. Яна 100 мингдан зиёд одам зилзила туфайли турли даражада жароҳатланади.

Манбаларда келтирилишича, зилзила туфайли 116 720 га яқин бинога жиддий зарар етган. Зилзила ўчоғидан ғарбга 400 километргача чўзилган ёриқ пайдо бўлгани айтилади. Маълум бўлишича, ушбу ёриқларни бугунги кунда ҳам кўриш мумкин. Эрзинжон шаҳри шу қадар вайрон бўладики, натижада шаҳарликлар бу ерни бутунлай ташлаб кетишади. Эрзинжоннинг аввалги ўрнидан шимолроқда янги шаҳарга асос солинади.

Кейинги бир неча йил ичида Эрзинжонда 7 ва ундан юқори магнитудали яна учта зилзила содир бўлган. 6,8 магнитудали охирги зилзила 1992 йилда содир бўлган ва 650 кишининг ҳаётига зомин бўлган. Шундан сўнг Туркияда сейсмик иншоотларни қуриш қоидалари қабул қилинган.

БАМ

Бам – Эроннинг жануби-шарқида жойлашган Кирмон вилоятидаги шаҳарлардан бири. Денгиз сатҳидан қарийб 1100 м баландликда жойлашган ушбу шаҳарда ҳозир 100 мингдан зиёд аҳоли яшайди.

Бугунги Бам шаҳри Фото: Википедия

2003 йилнинг 26 декабрида бу ерда магнитудаси 6,6 балл (айрим манбаларда 6,7 балл) бўлган ҳалокатли зилзила қайд этилган. Зилзила эпицентридаги силкиниш кучи 9 баллга етгани айтилади.

Зилзиладан олдин Бамда 97 мингга яқин одам яшаган. Бу Эроннинг энг машҳур сайёҳлик жойларидан бири бўлиб, энг машҳур диққатга сазовор жойлардан бири Буюк ипак йўлида жойлашган қадимий Бам қалъасидир.

2500 йиллик тарихга эга деб баҳоланадиган ушбу қалъа Сафавийлар сулоласи даврида (1501—1736) йирик савдо маркази бўлган. 1722 йилда Афғонистон босқинидан сўнг у аста-секин ўз аҳамиятини йўқотади ва 1932 йилда ташлаб кетилгунга қадар ҳарбий лагер сифатида хизмат қилган. 1953 йилда Бамнинг эски шаҳар ҳудуди қайта тиклана бошлангач, шаҳар сайёҳлик марказига айлантирилади.

Бам қалъаси пахсадан қурилган дунёдаги энг катта иншоотлардан биридир. Майдони тахминан 180 минг кв.м, деворларининг баландлиги 6-7 метрни, узунлиги эса тахминан 1815 метрни ташкил этади.

Зилзила туфайли қадимий қалъадаги иншоотларнинг 80 фоизи вайрон бўлган. Эрон ҳукумати қадимий шаҳарни қайта тиклаш дастурини амалга оширади. Реконструкция ишлари учун Япония, Франция, Италия давлатлари молиявий ва техник кўмак кўрсатишади. Зилзиладан сўнг қалъа Бутунжаҳон мероси рўйхатига ва хавф остида бўлган жаҳон мероси рўйхатига киритилади, бироқ у 2013 йилда ушбу рўйхатдан чиқарилган.

2003 йилнинг 26 декабри жума кунига тўғри келган. Бу Эронда дам олиш куни ҳисобланади. Ер силкиниши маҳаллий вақт билан соат 05:26 да содир бўлган. Бу вақтда Бам шаҳри аҳолиси эндигина уйғонаётганди, шу боис табиий офат қурбонларининг аксарияти уйқуда вақти ўлим топгани айтилади.

Пахсадан қурилган уйларнинг деворлари даҳшатли зилзилага узоқ вақт дош беролмайди ва одамлар қандайдир сониялар ичида тириклайин кўмилади. Эрон расмийларининг айтишича, кунига 5500 киши оммавий қабрларга дафн этилган. Уч кундан кейин қурбонларни дафн этиш билан шуғулланган Эрон қуролли кучлари вакили 20 минг киши дафн қилинганини билдирган. Тўрт кундан кейин вайроналар остидан топилган жасадлар сони 30 мингга етади. Шунингдек, табиий офат натижасида 30 минг киши жароҳат олган.

Турар жой бинолари бутунлай қулаб тушган, қадимий шаҳар улкан вайроналар маконига айланади. Ер силкинишидан зарарланган уйларни қайта тиклаш имконсиз эди. Турар жой бинолари сейсмик фаол зоналарда жойлашгани ва қурилаётган вақтда элементар хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмагани, уйлар асосан пахса ва сифатсиз лой ғиштдан қурилгани, лой таркибида оҳак ва деворларда тош миқдори етарли бўлмагани сабабли вайроналар кўлами юқори бўлганини таъкидлашади.

Эрон ҳукумати зилзила оқибатларини бартараф этишда ёрдам сўраб халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилади. Форс давлати мусибатли кунларда ёлғиз ташлаб қўйилмайди ва 44 давлат ёрдамчи кучлари Эронни юборади, 60 давлат ёрдам таклиф қилади. Берилган молиявий ва бошқа ёрдамларнинг миқдори очиқланмаган. Фақатгина Эрон ҳукумати вайрон бўлган эски шаҳар ўрнига янги шаҳар қуришга қарор қилгани, бу эса ушбу зилзиладан омон қолганларнинг норозилигига сабаб бўлгани маълум.

2004 йил январида БМТ Бамни қайта тиклаш ишлари учун 700 миллиондан 1 миллиард долларгача маблағ талаб этилишини тахмин қилган. Ташкилот халқаро ҳамжамиятни қадимий шаҳарни қайта қуриш учун маблағ ажратишга чақиради. Эрон ҳукумати давлат телевидениеси орқали ушбу таъмирлаш учун тахминан 410 миллион доллар ажратганини эълон қилади.

Қайта қуриш пайтида Эрон уй-жой фонди бошпанасизлар учун вақтинчалик бошпана билан таъминлайди ва шаҳардаги 19 мингга яқин ва қишлоқлардаги 4000 га яқин хонадонларни вайроналардан тозалаш дастурини бошлайди.

ҲИНД ОКЕАНИДАГИ ЗИЛЗИЛА

Эрондаги даҳшатли ер қимирлашидан роппа-роса бир йил ўтиб, яна шу санада маҳаллий вақт билан тонгги соат саккизларда Ҳинд океанида магнитудаси 9,1 – 9,3 баллгача бўлган сувости зилзиласи қайд этилади. У тарихдаги энг ҳалокатли цунамини юзага келтирган бўлиб, инсоният тарихидаги энг кучли учта зилзиладан бири ҳисобланади.

Зилзила эпицентри Ҳинд океанида, Индонезиянинг Суматра ороли шимоли-ғарбий соҳилида жойлашган. Цунами Индонезия, Шри-Ланка, жанубий Ҳиндистон, Таиланд ва бошқа мамлакатлар қирғоқларига етиб борган.

Тўлқин баландлиги 15 метрдан ошгани, цунами катта вайронагарчилик ва қурбонларга сабаб бўлгани айтилади. Зилзила ўчоғидан 6900 километр узоқликда жойлашган Жанубий Африканинг Порт-Элизабет шаҳри ҳам ер қимирлашидан зарар кўрган.

Ҳиндистоннинг Керала штати, Шри-Ланканинг ғарбий соҳиллари, Сомали цунамидан қаттиқ зарар кўрган. Вайронкор тўлқинлар Индонезиянинг Суматра ороли, Таиландга ҳам жиддий зиён етказади. Зилзила содир бўлган жойдан тахминан 8500 км узоқликда жойлашган Жанубий Африкадаги шаҳарга баландлиги 1,5 м бўлган тўлқинлар ёпирилади.

Зилзила, цунами ва ундан кейинги сув тошқини қурбонлари статистикаси аниқ эмас. Тасдиқланган қурбонлар сони 184 минг кишини ташкил этади. Турли маълумотларга кўра, 225 мингдан 300 минггача одам ҳалок бўлган.

Жумладан, Индонезияда 131 минг, Шри-Ланкада 35 минг, Ҳиндистонда 12 минг, Таиландда 5 минг киши ҳалок бўлган. Ўн минглаб одам бедарак йўқолган, миллиондан ортиқ одам бошпанасиз қолган. Сув кўп одамларни океанга оқизиб кетган, уларнинг жасадлари эса топилмаган.

Суматра қирғоқлари яқинида вайронага айланган қишлоқ

Шри-Ланканинг жануби-ғарбий соҳилида баландлиги 7-9 метр бўлган тўлқинлар қирғоқ яқинида одамлар билан гавжум бўлган йўловчи поездини вайрон қилган, натижада 1700 га яқин одам ҳалок бўлди – бу жаҳон тарихидаги энг йирик поезд ҳалокати ҳисобланади.

Кўп сонли маҳаллий аҳолидан ташқари цунамидан зарар кўрган ҳудудларда дам олаётган 9 мингдан ортиқ хорижий сайёҳ ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган. Омон қолганлар орасида оиласи билан Таиландда дам олаётган Финландиянинг бўлажак президенти Саули Ниинистё ҳам бор эди. Мальдив оролларида эса таниқли актёр Жет Ли цунамидан қизини қутқариб қолган.

Шри-Ланка, Индонезия ва Малдив оролларида фавқулодда вазият эълон қилинди. БМТ ушбу қутқарув операцияси тарихдаги энг қиммат операция бўлишини эълон қилди. Ташкилотнинг ўша пайтдаги бош котиби Кофи Аннан реконструкция ишлари беш йилдан ўн йилгача давом этиши, касаллик туфайли қурбонлар сони икки баравар ошиши мумкинлигини тахмин қилганди.

Цунами тўлқинлари Индонезия қишлоқларига ёпирилмоқда

Зилзила натижасида юзага келган тебранишлар бир ҳафта давомида қайд этилган. Зилзиладан кейинги дастлабки кунларда кўплаб зилзилалар содир бўлди. 29 декабр куни 68 та ер силкиниши кузатилган бўлиб, улардан 13 таси камида 6 магнитудали. 7,1 магнитудали энг кучли зилзила асосий зилзиладан тахминан уч соат ўтгач Никобар ороллари яқинида содир бўлган.

ҲЕНГЧУН  ЗИЛЗИЛАСИ

Ҳенгчун шаҳарчаси – Тайваннинг энг жанубий шаҳри. У Пингдонг округининг жанубий қисмидаги ягона шаҳар посёлкаси. 2014 йилнинг декабридаги маълумотга кўра бу ерда 30 мингдан кўпроқ одам яшайди.

Тоза пляжлари ва кучли туризм саноати билан Ҳенгчун кўпинча маҳаллий аҳолига қараганда кўпроқ саёҳатчиларни жалб қилади. Бир пайтлар шаҳар тўлиқ девор билан ўраб олинган, бироқ ҳозир деворнинг ярмига яқини ва шаҳарнинг тўртта дарвозаси сақланиб қолган холос.

Ҳенчун қалъасининг жанубий дарвозаси

Ҳенгчун зилзиласи 2006 йил 26 декабр сешанба куни маҳаллий вақт билан соат 20:25да содир бўлган. Эпицентр Ҳенчун шаҳридан 23 километр узоқликда жойлашган эди. Зилзила магнитудаси 5,5–7 баллни ташкил этган. 26 декабрь куни тўртта, эртаси куни иккита, индинига битта силкиниш қайд этилган. Энг камқувватли зилзила 5,3 балл бўлгани қайд этилган.

Табиий офат натижасида Тайван жанубидаги уйлар вайрон бўлган, ёнғинлар юз берган, йўловчилар лифтларда қолиб кетган ва коммуникация кабеллари узилган. Расмий хабарларга кўра, икки киши ҳалок бўлган, 42 киши яраланди.

Зилзила бутун Тайван, жумладан, 450 км узоқликдаги пойтахт Тайпейда ҳам сезилган. Хабар қилинишича, 3000 га яқин уй электр қувватисиз қолган, бироқ у бир неча соат ичида қайта тикланган. Эртаси куни эрталабдан зилзила оқибатларини бартараф этиш ишлари бошланган.

Ҳенчуннинг тарихий марказида 15та тарихий бино, жумладан, 2-даражали фил ўриндиғи шикастланган. Зилзиладан яқин атрофдаги иккита АЭС, Тайван энергетика компанияси зарар кўрган.

Ҳонконг, Макао, Хитой ва Филиппиннинг турли ҳудудларида яшовчилар зилзилани ҳис қилишган, бироқ табиий офат катта вайронагарчиликларга сабаб бўлмаган. Тайванда зилзиладан сўнг цунами хавфи эълон қилинган бўлса-да, сув сатҳи бор-йўғи 25 сантиметрга кўтарилган ва ҳеч кимга зарар етмаган.

Зилзила Осиёдаги интернет хизматларини ҳалокатли равишда тўхтатиб, кўплаб Осиё мамлакатларига таъсир қилган. Молиявий операциялар, айниқса валюта бозорига ҳам жиддий таъсир кўрсатган. Вайронагарчилик натижасида кўплаб сувости алоқа кабеллари шикастланган.

Мавзуга оид