Ўзбекистон | 07:36 / 28.12.2021
3461
2 дақиқада ўқилади

Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича идоралараро кенгаш фаолиятига тузатиш киритилди

Фото: Getty Images

Вазирлар Маҳкамасининг “Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича идоралараро кенгаш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Президентнинг "Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ идоралараро кенгаш таркиби ва унинг фаолияти тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низом қуйидагиларни назарда тутади: идоралараро кенгашнинг мақоми, вазифалари, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги; идоралараро кенгаш таркибини шакллантириш, унинг мажлисини чақириш ва ўтказиш тартиби; Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигини идоралараро кенгашнинг ишчи органи этиб белгилаш; идоралараро кенгаш фаолиятининг натижадорлигини баҳолаш тартиби.
 
Қуйидагилар идоралараро кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади: ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштириш; ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва ҳуқуқларини таъминлашга доир давлат дастурларини амалга оширишда иштирок этиш; ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олишига, уларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлашга, малакасини ошириш, меҳнат қилиши ва бандлигига кўмаклашиш; ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ва давлат ҳаётида тўла ҳуқуқли тарзда иштирок этиши учун қулай шарт-шароитлар яратишда иштирок этиш.
 
Ҳужжат қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 23.12.2021 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид