11:09 / 01.01.2022
33687

Бекобод шаҳар ҳокимлиги бош мутахассиси 128 минг доллар билан ушланди

Давлат хавфсизлик хизмати ер майдонларининг ноқонуний сотилишига қарши тадбирлар ўтказди.

Видеодан кадр

ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси, вилоят прокуратураси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Бекобод шаҳар ҳокимлигининг бош мутахассиси ўзганинг ишончига кириб, муқаддам бир неча бор судланган қариндоши билан биргаликда ундан ноқонуний равишда 128 минг АҚШ доллари олган вақтларида ушланди.

Аниқланишича, ҳокимлик вакили ушбу пул маблағи эвазига мактабгача таълим муассасаси биносини хусусийлаштириб олишда ва шаҳар ҳудудидан 1 гектар ер майдони ажратилишида ёрдам беришни ваъда қилган.

Самарқанд вилоятида кузатилган ҳолатда эса, Ургут туманидаги узум етиштиришга ихтисослашган фермер хўжалигининг 20 сотих ер майдонидан ижара асосида фойдаланиб келаётган фуқаро, ушбу ернинг 10 сотихини бошқа бир фуқаро номига расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, эвазига ундан 12 минг АҚШ доллари олган вақтида ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳудудий бошқармалари ходимлари томонидан ушланди.

Яна бир ҳолатда, 1961 йил Жиззах вилоятида туғилган, муқаддам бир неча бор судланган шахс тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога Тошкент шаҳрида жойлашган ва тендер баҳоси 5 млрд сўм бўлган бино ҳамда ер участкасини олишда ёрдам беришни ваъда қилиб, эвазига 25 минг АҚШ доллари талаб қилган.

ДХХ ходимлари томонидан департаментнинг Тошкент вилояти бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пул маблағидан 2 минг АҚШ долларини аванс сифатида олган вақтида ушланди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади ДХХ хабарида.

Top