18:36 / 01.01.2022
37219

Ўзбекистонда 2022 йилнинг 18 соатида 1448 чақалоқ туғилди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги янги йилнинг илк кунида Ўзбекистонда қанча чақалоқ дунёга келгани тўғрисида маълумот берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

2022 йилнинг 1 январь куни, соат 17:30 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда жами 1448 нафар чақалоқ дунёга келди. Янги йилнинг биринчи кунида туғилган гўдакларнинг 732 нафари ўғил бола, 716 нафари эса қиз бола бўлиб, энг кўп туғилиш ҳозирча Самарқанд вилоятида (193 нафар) қайд этилди.

Шунингдек, ҳудудлар кесимида кейинги ўринларда: 

  • Қашқадарё вилояти (146 нафар),
  • Фарғона вилояти (137 нафар),
  • Андижон вилояти (131 нафар),
  • Наманган вилояти (123 нафар) банд этди. 

Энг кам туғилиш эса Сирдарё вилояти (39 нафар) ҳиссасига тўғри келди.

«Эътиборлиси, туғилганларнинг 8 нафари эгизаклардир. Айни пайтда шифокорларимиз гўдакларнинг барчасига белгиланган стандартлар бўйича сифатли тиббий хизмат кўрсатишмоқда.

Эслатиб ўтамиз, юртимизда давом этаётган дам олиш кунлари мамлакатимиздаги қатор тиббиёт муассасалари билан бирга 238 та туғруқ комплексларида жами 3807 нафар тиббиёт ходими, жумладан, 509 нафар акушер-гинеколог, 315 нафар неонатолог, 1159 нафар доя, 1824 нафар ҳамшира навбатчилик асосида аҳолига хизмат кўрсатмоқда», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида. 

Маълумот учун, Ўзбекистонда 2018 йилнинг 1 январь куни 1961 нафар, 2019 йилнинг шу куни 1708 нафар, 2020 йилда 1974 нафар ҳамда 2021 йилнинг айни шу санасида 1644 нафар чақалоқ дунёга келган эди.

Top