Ўзбекистон | 19:38 / 03.01.2022
19557
4 дақиқада ўқилади

«Ёш шахматчиларни менсимаслик қанчалик хавфлилигини билиб қўйишди». Чемпионларни енгган ёш қаҳрамонлар тақдирланди

Бугун, 3 январь куни тезкор шахмат (рапид) бўйича жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусатторов, унинг мураббийлари, кучли ўнталикка киришга эришган Жавоҳир Синдоровни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирнинг биринчи қисми Миллий Олимпия Қўмитаси биносида ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари — президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов иштирок этиб, 17 ёшли чемпионга «Мард ўғлон» ордени, 2 хонали уй, 250 млн сўм мукофот пули топширишди.

Шунингдек, Нодирбекнинг мураббийлари 100 млн сўмдан, жаҳон чемпионатида 8-ўринни эгаллаган Жавоҳир Синдоров 50 млн сўм, турнирдаги иштироки учун Шамсиддин Воҳидов 25 млн сўм пул билан тақдирланди.

Маросимда сўзга чиққан чемпионнинг отаси — Фазлиддин Очилов ўзининг дунёдаги энг бахтли оталардан бири эканлигини таъкидлади: «Ҳозир Ўзбекистонда мендан бахтли ота бўлмаса керак. Чунки кенжа ўғлим Нодирбек шахматнинг рапид йўналишида энг ёш жаҳон чемпионига айланди.

Шу ўринда ўғлим номидан журналистлардан кечирим сўрайман. Чунки кўп бор интервьюларни рад этганмиз. Чунки Нодирбекнинг кун тартиби бор. Унга амал қилиши керак. Турли тадбирлар билан овора бўлганимизда бундай муваффақиятларга эриша олмасдик».

Шундан сўнг раҳбарлар, шахматчилар, ОАВ вакиллари ва мухлислар «Янги Ўзбекистон» боғига йўл олишди. У ерга йиғилган минглаб мухлислар чемпионни олқишлашди.

Маросимдан сўнг Нодирбек Абдусатторов ўз фикрлари билан ўртоқлашди: «Эътибор учун миннатдорчилик билдираман. Бу — бошланиши. Ғалабалар бардавом бўлади. Келгусида жаҳон шахмат тожини ҳам Ўзбекистонга олиб келамиз.

Рапид йўналишидаги баҳслар анчагина энергиямни олиб қўйди. Бу блиц йўналишидаги ўйинларимга таъсир ўтказди

Энг қийин ўйин? 5 карра жаҳон чемпиони Магнус Карлсен билан тўқнашувни айтган бўлардим. У амалдаги чемпион эди.

Келажакда классик шахматда ҳам жаҳон чемпиони бўлишни мақсад қилганман».

Жавоҳир Синдоров эса унга бироз омад етишмаганини айтиб, россиялик гроссмейстер Ян Непомняший билан бўлган қизиқ ҳолатни эслади: «Дўстим Нодирбек 5 карра чемпион Карлсендан устун келгани — тарихий ғалаба. Сабаби норвегиялик гроссмейстер ўзбекистонлик икки шахматчи билан ўйнаган бўлса, иккаласига ҳам ютқазди. Биринчиси Шамсиддин Воҳидов эди.

Жавоҳир Синдоров

Блиц йўналишидаги иштирокимдан қониқдим. Биринчи кунги баҳсларда пешқадам сифатида кетаётгандим. Бироқ омад ва тажриба етишмаслиги панд берди. Аммо бундай турнирларда кучли ўнталикдан ўрин олиш ҳам ёмонмас. 2022 йили Хитойда ўтадиган Осиё ўйинлари, Москвада бўладиган жаҳон Олимпиадасида ғолиб бўлишни мақсад қилганмиз.

Карлсен ва Непомняший ёш шахматчилар билан менсимай ўйнаш қанчалик хавфли эканлигини билиб қўйишди. Непомняшийни мен ҳам ютдим, Нодирбек ҳам. Бир реакцияси, яъни менга ютқазгач «Яна ўзбекка ютқаздимми?» дегандек уф тортгани ҳеч эсимдан чиқмайди. Бу уларга дарс бўлди, дейиш ҳам мумкин».

Эслатиб ўтамиз, 29 декабрь куни Варшавада бўлиб ўтган тезкор шахмат (рапид) бўйича жаҳон чемпионатида 17 ёшли ўзбекистонлик Нодирбек Абдусатторов ғалаба қозониб, мусобақа тарихидаги энг ёш чемпион бўлганди. 

Мухбир — Аъзамжон Иззатиллаев,

Тасвирчи ва монтаж устаси — Абдусалим Абдувоҳидов

Мавзуга оид