Ўзбекистон | 10:50 / 05.01.2022
7890
2 дақиқада ўқилади

Мудофаа вазирлиги қўшинларининг машғулотларни тунги шароитда ўтказиши кўпайтирилади

Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар шайлиги ва тайёргарлиги ҳамда ўқув моддий-техник базасини янада такомиллаштириш мўлжалланмоқда.

Фото: Марказий ҳарбий округ

2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасига кўра, замонавий жанг ва ҳарбий можаролар ҳамда хорижий армияларнинг илғор тажрибасини ўрганиш асосида қўшинлар жанговар шайлиги ва тайёргарлигини ривожлантириш кўзда тутилган.

Қўшинлар тайёргарлиги интенсивлиги ва сифат даражасини ошириш, машқ ва машғулотларни тунги шароитларда ўтказишни босқичма-босқич кўпайтириб бориш ҳам режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, фуқароларнинг ҳарбий хизматни ўташ тартиби янада такомиллаштирилади. Фуқароларнинг ҳарбий хизматни ўташ жараёнидаги мавжуд муаммолар вазирлик ва идоралар билан бирга таҳлил қилинади ҳамда уларни бартараф этиш бўйича таклифлар тайёрланади.

Шунингдек, Ўзбекистон Қуролли кучларида ягона ахборот коммуникация тизимини яратиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш кўзда тутилган.

Бунда, Қуролли кучлар ахборот алмашиш махсус тизимлари интеграция қилинади ва ягона ҳимояланган ахборот-коммуникация тизими яратилади. 

Мудофаа вазирлиги ахборот хавфсизлик бўлинмалари фаолияти такомиллаштирилади ва замонавий техник воситалар билан жиҳозланади ҳамда соҳа йўналиши бўйича малакали мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизими такомиллаштирилади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид