Ўзбекистон | 17:04 / 06.01.2022
8287
3 дақиқада ўқилади

Жиззах вилоят кенгаши прокуратуранинг Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси раҳбарининг депутатлик мақомини бекор қилиш ҳақидаги сўровини рад этди

Халқ депутатлари Жиззах вилоят кенгаши вилоят прокуратурасининг Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси раҳбарини маъмурий жавобгарликка тортиш учун депутатлик мақомидан бекор қилиш ҳақидаги сўровини рад этган.

Маълум қилинишича, Жиззах вилояти прокуратураси 2021 йил 2 декабр куни халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашига “Депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва маъмурий жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш юзасидан” №10.1/5-73772-21-сонли тақдимнома киритган.

Тақдимномага кўра, вилоят прокуратураси томонидан Бош прокуратуранинг 2021 йил 2-ярмига белгиланган иш режасига асосан, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармасида “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги ҳамда “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунлар ижроси юзасидан текшириш ўтказилганда, ёшлар мурожаатлари билан ишлаш ва уларнинг ҳал қилиниши устидан назорат сусайтириб юборилган.

Шунингдек, Ёшлар ишлари агентлиги бошқармаси томонидан меҳнат қонунчилигига кўра, бўш (вакант) иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар ҳар ойда тақдим қилиб борилмаган, мавжуд иш ўринларини яшириш ҳолатларига йўл қўйилган. Шу сабабли, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Д.Худойшукуров халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати бўлганлиги сабабли, уни маъмурий жазога тортишга розилик сўралган.

Мазкур тақдимнома халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Регламент ва депутатлик одоби масалалари доимий комиссиясида муҳокама қилиниб, ижро интизомига риоя этмагани учун бошқарманинг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ҳамда кадрлар билан ишлаш бўйича мутахассисига интизомий чоралар қўлланган.

Шу билан бирга “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуннинг 24-моддасига мувофиқ халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарори қабул қилинган. Қарорда Жиззах вилояти прокуратурасининг халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Д.Худойшукуровни маъмурий жазога тортишга розилик бериш тўғрисида 2021 йил 2 декабрдаги №10.1/5-73772-21-сонли тақдимномаси рад этилган.

«1. Жиззах вилояти прокуратурасининг 2021 йил 2 декабрдаги “Депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва маъмурий жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш юзасидан” № 10.1/5-73772-21 сонли тақдимномаси маълумот учун қабул қилинсин.

2. Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармасининг 2021 йил 30 ноябрдаги 02-06/166 сонли буйруғи асосида хизмат вазифалари ҳамда мажбуриятларини ўз вақтида бажармаганлиги, ижроия интизомига риоя этмаганлиги учун бошқарманинг мутахассисларига интизомий чоралар қўлланилгани маълумот учун қабул қилинсин.

3. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Д.Худойшукуровга бошқармада Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги ҳамда “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Қонунлар ижроси юзасидан қатъий назорат олиб борилсин.

4. Жиззах вилояти прокуратурасининг Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Худойшукуров Дилмурод Холмуродовични маъмурий жазога тортишга розилик бериш тўғрисида 2021 йил 2 декабрдаги № 10.1/5-73772-21 сонли тақдимномаси рад этилсин», дейилади қарорда.

Мавзуга оид