«Бу намойиш эмас» – Наманганда одамлар йўлни ёпиб қўйгани тасвирланган видеога изоҳ берилди
Тармоқда «Наманганда одамлар йўлни ёпиб қўйди» мазмунидаги видео тарқалди. Аслида 31 декабр куни олинган ўша видеода одамлар арча атрофида тўплангани кетаётган бўлган. Вилоят ИИБ ва ИИВ ҳолатга муносабат билдириб, асоссиз маълумот тарқатмасликка чақирди.
Видеода шаҳар кўчаларида кўп сонли одамлар бир томонга қараб тартибсиз ҳаракатланаётгани, бу эса машиналар ҳаракатига халақит бераётгани кўринган.
9 январ куни тармоқда ушбу видео «Наманганда одамлар йўлни ёпиб қўйди» мазмунида тарқалди ва ўринсиз шов-шув келтириб чиқарди. Аслида кадрлар 31 декабр куни олингани маълум бўлди. Тасвирдаги одамлар эса янги йил байрами муносабати билан шаҳардаги «Афсоналар водийси» истироҳат боғида ўрнатилган арча атрофида тўпланиш учун шошилган. Бу ҳақда Наманган вилоят ИИБ расмий сайтида маълумот берилди. Хабарда айтилишича, видеодаги ҳолатда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари одамларни тарқатаётган бўлган.
«Наманган шаҳрига вилоятнинг барча туманларидан 1 000 нафарга яқин фуқаролар истироҳат боғига ташриф буюриб, арча атрофида тўпланишган. 2021 йилнинг 31 декабр куни вилоят ҳудудида норозилик чиқишлари ва намойишлар, кўнгилсиз холатлар содир этилмаган», дейилади хабарда.
Маълум бўлишича, арча атрофида хавфсизликни таъминлаш мақсадида 253 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари жалб қилинган.
Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов ҳам ушбу ҳолатга муносабат билдирар экан «пиар учун чиқарилган материаллар инсонлар орасида хатарли вазиятларни юзага келтириши мумкин»лигидан огоҳлантирди.
«Ижтимоий тармоқларда «Янги йил байрами» тадбирлари муносабати билан жорий йилнинг 1 январга ўтар кечаси Наманган шаҳрининг «Афсоналар водийси» истироҳат боғига сайрга тўпланган одамлар видеотасвирлари турли талқинлар билан, гўёки фуқаролар «намойиш» уюштирганлиги сифатида тарқалмоқда.
Наманган вилояти ИИБ мазкур ҳолатга ўз вақтида расмий ахборот берганига қарамасдан, ижтимоий тармоқларда бу маълумот четлаб ўтилмоқда.
Барча ижтимоий тармоқ фаоллари ва блогерларни огоҳлантирамиз: нохолис ва ёлғон ахборот тарқатманг. Ахборот тарқатиш тартибига риоя қилинг. Жамоат назорати тўғрисидаги қонун талабига кўра тарқатаётган ахборотингиз холис ва текширилган бўлиши шарт. Сизнинг пиар ортидаги шошма-шошарлигингиз, фуқаролар ўртасида хавотирли вазиятларни юзага келтириши мумкинлигини асло унутманг», деб ёзди ИИВ расмийси ўз каналида.
Эслатиб ўтамиз, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2022-моддаси (Ёлғон ахборот тарқатиш) иккинчи қисмига кўра жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки интернетда тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Мавзуга оид
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
21:11 / 11.11.2024
Наманганда поезд билан тўқнашган Damas ҳайдовчиси ҳалок бўлди
17:35 / 11.11.2024
Наманганда тўёна кўринишида пора олган кадастр бўлими бошлиғи 5 йилга қамалди
09:30 / 07.11.2024