Ўзбекистон | 08:59 / 10.01.2022
4045
4 дақиқада ўқилади

Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш институти ташкил этилади

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Транспорт соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳамда илмий ва инновацион фаолият тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Транспорт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль транспорти ходимлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Ўзининг темир йўлларига эга бўлган юридик шахсларнинг темир йўл ходимлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш маркази, Тошкент давлат Транспорт университети ҳузуридаги малака ошириш ва қайта тайёрлаш маркази, Автомобиль йўллари қўмитаси ҳузуридаги Бухоро йўл хўжалиги ходимлари малакасини ошириш илмий тадқиқот ишлаб чиқариш маркази ва Наманган йўл хўжалиги ходимлари малакасини ошириш ўқув маркази негизида Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланади.

Белгилаб қўйилишича, институт:

  • автомобиль, темир йўл, ҳаво, дарё ва электр транспорти, метрополитен ва йўл хўжалиги кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича таянч таълим муассасаси;
  • Ўзининг темир йўлларига эга бўлган юридик шахсларнинг темир йўл ходимларини малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш маркази, Тошкент давлат Транспорт университети ҳузуридаги малака ошириш ва қайта тайёрлаш маркази, Автомобиль йўллари қўмитаси ҳузуридаги Бухоро йўл хўжалиги ходимлари малакасини ошириш илмий тадқиқот ишлаб чиқариш маркази ва Наманган йўл хўжалиги ходимлари малакасини ошириш ўқув маркази, ҳамда Автомобиль транспорти ходимларини малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институтига оид ҳуқуқ ва мажбуриятлар бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади.

Транспорт вазирлиги институтнинг муассиси ҳисобланади. Институт Тошкент шаҳар, Учтепа тумани, 31 мавзе, Диёробод маҳалласи манзили бўйича беғараз фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.

Қуйидагилар институтнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгиланади:

  • автомобиль, темир йўл, ҳаво, дарё ва электр транспорти, метрополитен ва йўл хўжалиги соҳа кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
  • автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини ҳамда оммавий касб кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
  • транспорт соҳаси педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ва амалиётларини ташкил қилиш;
  • транспорт соҳасида қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек оммавий касбларга тайёрлаш бўйича анъанавий, масофадан, кечки, экстернат ва бошқа таълим олиш шаклларини жорий қилиш, шунингдек фан ва ишлаб чиқариш билан уйғунлигини таъминлаш;
  • транспорт соҳасида қайта тайёрлаш ва малакасини оширишда инновацион ва янгича фикрлашга йўналтирадиган янги ўқитиш технологияларини кенг жорий этиш;
  • транспорт соҳасида инновацион, фундаментал ва амалий тадқиқот ишларини амалга ошириш ва унинг натижалари амалиётга жорий этилишини ташкил этиш;
  • илмий-тадқиқот ва ўқув-методик фаолият билан шуғулланиш;
  • Транспорт соҳасини ривожлантириш бўйича илмий тадқиқот ишларни амалга ошириш, шунингдек транспорт соҳасида келиб чиққан муаммолар, кутилаётган натижалар ва уларнинг ечимлари бўйича таклифлар киритиш.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид