Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бухорода 150 млн долларлик иссиқлик электр станцияси электр қуввати узатишни бошлади
Бухоро вилоятидаги янги ишга туширилган, қуввати 270 МВт бўлган иссиқлик электр станцияси республиканинг ягона электр тармоғига қувват узатишни бошлади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар бермоқда.
Таъкидланишича, Туркиянинг “Aksa Enerji” компанияси томонидан Бухоро туманида қурилган газ-поршенли иссиқлик электр станцияси 11 январь куни соат 16:32да Ўзбекистоннинг ягона электр тармоғига қувват узатишни бошлаган. Станция йилига 2,2 млрд киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Бу вилоятнинг 80 фоиз истеъмолини қоплайди. Қурилмаларнинг фойдали иш коэффициенти юқорилиги ҳисобига йилига 260 млн метр³ табиий газ тежалади ҳамда бунинг ҳисобига қўшимча 900 млн киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкони яратилади.
Умумий қиймати 150 млн АҚШ долларига тенг бўлган мазкур лойиҳа Туркиянинг “Aksa Enerji” компанияси томонидан тўғридан тўғри инвестициялар ҳисобига амалга оширилган.