Ўзбекистон | 07:55 / 12.01.2022
10615
2 дақиқада ўқилади

Мудофаа вазирлиги қўшинларига контракт бўйича ҳарбий хизматга номзодларни саралаш тартиби ўзгаради

Мудофаа вазирининг “Мудофаа вазирлиги қўшинларига контракт бўйича ҳарбий хизматга номзодларни саралаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги буйруғи лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Kun.uz

Янги тартибга кўра, номзод Саралаш комиссияси котибига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши лозим: биометрик паспорт ёки идентификация ID-картаси (нусхаси олиниб, асли қайтарилади); ҳарбий гувоҳнома (нусхаси олиниб, асли қайтарилади); туғилганлик ҳақида гувоҳнома (нусхаси олиниб, асли қайтарилади); номзод томонидан қўлда ёки компьютерда ёзилган таржимайи ҳол; анкета-маълумотнома.

Ўрта ёки ўрта махсус, касб-ҳунар (ўрта махсус профессионал) ёхуд олий маълумотни тасдиқловчи ҳужжат нусхаси (аслини кўрсатган ҳолда), 3 х 4 см ўлчамдаги олтита рангли фотосурат (бош кийимсиз ва бурчаксиз), шунингдек 9 х 12 см ўлчамдаги иккита рангли фотосурат (бош кийимсиз) ва яшаш жойи бўйича белгиланган намунадаги соғлиғининг ҳолати ҳақида маълумотнома тақдим этиш бекор қилинади.

Саралаш комиссияси қўшимча равишда зарур ҳужжатлар ва маълумотларни тегишли давлат органлари ва ташкилотлардан мустақил равишда, шу жумладан “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олади.

Саралашдан муваффақиятли ўтган номзодлар гарнизон (ҳудудий) ҳарбий-тиббий комиссияларига тиббий кўрикдан ўтиш учун юборилади.

Жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тадбирлари бошланишидан олдин номзод комиссиянинг масъул аъзоларига ўзини таништиради, бунда номзод биометрик паспорти ёки идентификация ID-картаси ёхуд ҳарбий гувоҳномасини кўрсатиши лозим.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид