Бугун ёшларимизни замонавий билим ва тажрибалар, миллий- умумбашарий қадриятлар асосида мустақил ва мантиқий фикрлайдиган, эзгу фазилатлар эгаси бўлган инсонлар этиб вояга етказиш барчамизнинг бош мақсадимиздир. Хусусан, Фарғона давлат университетида таҳсил олаётган ўғил-қизларимизни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, жаҳон ёшларига намуна бўлгудек гўзал тарбия ва билим бериш, ташаббус ва илмий интилишларини рўёбга чиқариш йўлида ҳаракатдамиз.

 

Умуман, мамлакатимиз ёшлари томонидан эришилаётган улкан ютуқлар замирида Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида ўз вазифасига киришган паллаларданоқ ёшлар масаласига давлат сиёсати даражасида қарагани билан баҳолаш мумкин. Чунки жадал ва барқарор ривожланишга қаратилган сиёсат айнан давлат раҳбари жонкуярлигида ёшлар масаласидан бошланди. Бу борада мамлакат ёшлари ҳаётига катта ўзгаришлар олиб кирган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун ёш авлод тақдирида ислоҳотлар дебочаси сифатида тарихга муҳрланди.

Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Президент мактаблари, Темурбеклар мактаби, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар фаолияти йўлга қўйилди. Бундан ташқари, давлат раҳбари ҳар гал ёшлар билан учрашар экан, уларнинг таклиф ва муаммоларига қулоқ тутиб, янгидан-янги ташаббус ва ғояларга қўл урмоқда. Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун Президент гранти жорий этилиши, имтиёзли таълим кредитлари ажратилиши, халқаро таълим дастурлари бўйича энг юқори балларни тўплаган иқтидорли ёшларга эътибор, ёш олимлар учун танловлар, грант маблағлар, стартап лойиҳалар, олий ўқув юртларига ўқишни кўчиришдаги ўзгаришлар, қулай тест жараёнлари, бир вақтнинг ўзида 5 та ОТМда билимини синаб кўриш имконияти ва шу каби кўплаб масалалар бунинг ёрқин ифодасидир.

Ёшлар иқтидорини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Мард ўғлон” давлат мукофоти, “Келажак бунёдкори” медали таъсис этилди. Иқтидорли қизлар учун бериладиган Зулфия номидаги давлат мукофоти ҳар бир вилоятдан икки нафардан қизларга топшириладиган бўлди. Совриндор қизларга бериладиган имтиёзлар янада кўпайтирилди.

Жумладан, Фарғона давлат университетида ёшлар билан ишлаш, уларнинг иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқариш, илм-фанга бўлган рағбатини кучайтиришга алоҳида эътибор бериляпти. Ўтган бир йил ичида мазкур саъй-ҳаракатлар янги босқичга кўтарилганини эътироф этишимиз зарур. Зотан, 15 та факультет, сиртқи таълим ва магистратура бўлимларига жам бўлган ўттиз мингдан ортиқ талаба-ёшлар, 700 нафарга яқин ёш олим-изланувчилар билан улкан марраларга интилаётган ўз қадриятига эга университет йилдан йилга тараққий этиб, ёшликка хос шижоат, ҳаётсеварлик, интилувчанлик билан эврилиб бормоқда.