Жамият | 19:00 / 18.01.2022
26344
3 дақиқада ўқилади

Инсоннинг ризқи унинг ҳаракатига боғлиқми? — Ислом молияси бўйича мутахассис билан суҳбат

Инсон ҳеч қандай иш қилмаса ҳам Аллоҳ унинг ризқини етказишга қодир, лекин биз мусулмонлар ризқ талаби йўлида ҳаракат қилишга ва барча сабабларни ушлашга буюрилганмиз. Ислом молияси бўйича мутахассис, тадбиркор Козимхон Тўраев Kun.uz билан суҳбатда шу ҳақдаги фикрлари билан ўртоқлашди.

- Аллоҳ таоло Қуръони Каримда «Ер юзида ўрмалаган жон борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир», (Худ сураси, 6 оят) дея марҳамат қилади. Инсон ҳеч нарса қилмаса ҳам ризқи келаверадими ёки ризқ ҳаракатга боғлиқми? Бу оятларни қандай қилиб тўғри тушунишимиз мумкин?

- Инсон ҳеч қандай иш қилмаса ҳам Аллоҳ унинг ризқини етказиши мумкинми, мумкин. Бунга далил сифатида (Оли-Имрон сурасида) Марям онамиз кичкиналикларида олдиларига ҳар доим Закариё алайҳиссалом кирганларида, у ерда ўша мавсумда ўсмайдиган таомлар бўлган. Аллоҳ таоло Марям онамиз ҳеч нарса қилмай ўтирса ҳам ризқини олдига етказиб қўйган. Аллоҳ таоло биз ҳеч нарса қилмай ўтирсак ҳам ризқимизни беришга қодир. Лекин биз мусулмонларга чиқиб меҳнат қилиш ва ҳамма сабабларини ушлаш буюрилган.

Бошқа сураларда (Марям сурасида) Марям онамизнинг қиссалари давом этган. Марям онамиз ҳомиладор бўлиб, шаҳарнинг четига чиқиб кетади. Дарахтнинг тагида ўтириб, кўзлари ёрийди ва Исо алайҳиссалом дунёга келади. Ўшанда Марям онамизнинг аҳволлари қийин бўлса-да, юриб дарахтни силкитишни буюрган. Кейин, онамиз дарахтни силкитган ва хурмо дарахтининг меваси тушгач, шуни тановул қилган. Аллоҳ таоло Марям онамизга ёшлигидаги каби ҳеч қандай ҳаракатсиз ҳам таом бериб қўйиши мумкин эди. Лекин ҳозир катта одам бўлгач, ҳеч бўлмаганда қўлидан келган иш - дарахтни силкитишни, ризқ талаби йўлида ҳаракат қилишни сўради.

Хулоса қилиб, айтиш мумкин, Аллоҳ таоло бизга ҳамма нарсани беришга қодир. Лекин биз сабабларини ушлашга буюрилганмиз.

Тўлиқ суҳбат билан юқоридаги видеода танишиш мумкин. Суҳбат давомида, шунингдек, мусулмон кишининг пулга муносабати, бизнесни бошлашда ният, барака омиллари, қарз олиш, эҳсон қилишга доир масалалар ҳамда баракали ойликларга доир мулоҳазалар берилган.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси Муҳиддин Нидо.

Видеолавҳа ва мақоладаги диний матнлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг тегишли экспертиза хулосалари асосида тайёрланган.

Мавзуга оид