Жаҳон | 18:33 / 19.01.2022
15347
2 дақиқада ўқилади

Оқ уй: Россия исталган вақтда Украинага ҳужум бошлаши мумкин

Фото: Константин Михальчевский/РИА «Новости»

АҚШ расмийлари Россия исталган дақиқада Украинага ҳужум қилишга қодир деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки айтиб ўтди.

«Президент Путин Украина чегаралари бўйлаб 100 минг қўшин тўплаш орқали, жумладан, яқинда қўшма машғулотлар учун россиялик ҳарбийларни Беларусга юбориш ва Украина шарқий чегарасида қўшимча машғулотлар ўтказиш билан ушбу инқирозни юзага келтирди», деган у.

Оқ уй вакилининг сўзларига кўра, Россия бир қарорга келиши керак: ёки ўз хатти-ҳаракатларининг иқтисодий оқибатларига дучор бўлади ёки вазиятни ҳал қилишда дипломатик йўлдан боради.

Псаки, шунингдек, Вашингтонда Россия ҳукумати Украинадаги дипломатик миссиялари ходимларини эвакуация қилишга тайёрланаётгани ҳақида маълумотлар борлигини айтди. Аввалроқ The New York Times Россия Украинадан дипломатларнинг оилаларини олиб чиқишни бошлагани ҳақида хабар берганди. РФ ТИВ эса «Киевдаги элчихона штат режимида ишлаётгани»ни билдирган.

  • Россия Украинага бостириб кириши мумкинлиги ҳақида Ғарбдаги нашрлар бир неча ойдан буён ёзиб келмоқда. АҚШ Россия провокация тайёрлаётгани ва ҳарбий амалиёт бошлаш учун баҳона қидираётганидан хавотирда.
  • Москва бу гумонларни рад этади. Кремл расмийси Дмитрий Песков Россия ҳарбийларини Украина чегараси яқинида жойлаштириши НАТОнинг Россия чегараларига яқинлашуви туфайли юзага келган вазият билан боғлиқлигини айтган.
  • Босқин барибир рўй берадиган бўлса, АҚШ ва Евроиттифоқ Россияга навбатдаги оғир санкциялар қўллаш билан таҳдид қилган. Январ ойида АҚШ конгрессига шундай чекловлар бўйича бир неча қонун лойиҳаси киритилган. Хусусан, улар президент Владимир Путин ва Россия раҳбариятининг юқори мартабали амалдорларига персонал чекловларни назарда тутади.

Мавзуга оид