Жаҳон | 10:05
1917
3 дақиқада ўқилади

Россия Украина шаҳарларига янги ҳужумлар уюштирди

Россия 2 июл куни кундузи ва кечқурун Украинанинг бир қатор ҳудудларига янги зарбалар берди. Украина расмийларига кўра, ҳужумлар оқибатида камида олти киши ҳалок бўлди, 31 киши жароҳат олди. Бу ҳужумлар Киевга уюштирилган кенг кўламли тунги зарбанинг давоми сифатида баҳоланмоқда.

Фото: State Emergency Service

Украина маҳаллий ҳокимиятлари маълумотига кўра, зарбалар Херсон, Запорижжя, Днипропетровск, Миколайив, Суми, Харкив ва Донецк вилоятининг айрим ҳудудларини қамраб олган.

Херсон шаҳри марказида фуқаролик автомобилига берилган зарба натижасида 41 ёшли эркак ҳалок бўлди. Яна бир ҳужум вақтида тиббиёт муассасаси нишонга олиниб, 63 ёшли шифокор вафот этди, ҳамшира эса жароҳат олди.

Кечқурун эса маҳаллий аҳоли вакили ўт ўриш вақтида портловчи жисмга дуч келиб ҳалок бўлгани хабар қилинди. Вилоят раҳбариятининг маълум қилишича, кун давомида Херсонга дронлар ҳужуми бир неча бор такрорланган.

Запорижжяда зарбалар турар жой биноси, омборхона, почта саралаш маркази ва спорт мажмуасига тўғри келди. Ҳужумлар оқибатида етти киши жароҳат олди. Улар орасида 6, 7, 12 ва 16 ёшли болалар ҳам бор.

Днипропетровск вилоятида икки киши, жумладан етти ёшли қизалоқ ҳалок бўлди. Яна тўққиз киши, улар орасида 11 ёшли қиз ва 14 ёшли ўсмир ҳам жароҳатланган. Маҳаллий ҳокимият маълумотига кўра, вилоятга дронлар, артиллерия, авиабомбалар ва ракета орқали қарийб 40 та зарба берилган. Натижада кўп қаватли ва хусусий уйлар, гимназия ҳамда автомобилларга зарар етган.

Миколайив вилоятида дрон ҳужуми оқибатида ёнилғи қуйиш шохобчаси яқинида бир киши ҳалок бўлди, яна етти киши жароҳатланди. Ҳужум туфайли ёнилғи қуйиш шохобчаси биноси вайрон бўлган, хусусий уйлар ва транспорт воситаларига ҳам шикаст етган.

Харкив шаҳридаги ҳужумлардан бири кўп қаватли турар жой биносига тўғри келди. Шаҳарда уч киши жароҳат олган, ёнилғи қуйиш шохобчаси ва бир нечта автомобилларга зарар етган.

Суми шаҳрига учта бошқариладиган авиация бомбаси ташлангани маълум қилинди. Ҳодиса оқибатида 11 киши, жумладан уч нафар бола тиббий ёрдамга мурожаат қилган. Мактаб биносига катта зарар етган, аммо ҳужум вақтида ўқувчилар бинода бўлмаган. Шунингдек, дрон почта автомобилига зарба бериши натижасида ҳайдовчи ва почта ходими жароҳатланган.

Донецк вилоятининг Краматорск шаҳрида эса дроннинг енгил автомобилга зарба бериши оқибатида бир киши жароҳат олган.

Украина расмийлари мазкур ҳужумларни 2 июлга ўтар кечаси Киевга амалга оширилган оммавий зарбанинг давоми сифатида баҳоламоқда. Уларга кўра, пойтахтга қилинган тунги ҳужум қурбонлар сони жиҳатидан уруш бошланганидан буён энг оғирларидан бири бўлган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид