Ўзбекистон | 07:36 / 20.01.2022
3103
3 дақиқада ўқилади

Ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш тартибига ўзгартириш киритилади

Адлия вазирининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги буйруғи лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, коррупциявий омиллар услубиёт асосида аниқланади, бунда коррупцияга қарши экспертиза ўтказилаётганда норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки лойиҳанинг ҳар бир нормаси ёхуд қоидасининг таҳлили амалга оширилади.

Лойиҳаларнинг коррупцияга қарши экспертизаси мустақил ва илмий экспертлар томонидан ўз ташаббусига кўра ёки давлат органлари
ва ташкилотларнинг буюртмалари асосида белгиланган тартибда ўтказилади.

Лойиҳа ишлаб чиқувчи томонидан чеклист тўлдирилмаган ҳолда адлия органларига киритилган тақдирда, ушбу лойиҳа ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмасдан ишлаб чиқувчига қайтарилади.

Давлат органлари ва ташкилотлар томонидан амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг коррупцияга қарши экспертизаси ҳар йили Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқиладиган ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш режасига асосан ҳамда президентнинг “Ҳуқуқий мониторингнинг замонавий механизмлари асосида қонун ҳужжатлари ижросининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг ҳуқуқий мониторинги доирасида ўтказилади.

Давлат органлари ва ташкилотлар ўзларининг ташаббуслари асосида ҳам амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишлари мумкин.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш режасида белгиланган муддатларда давлат органлари ва ташкилотлар амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказади ҳамда натижалари бўйича тўлдирилган чеклист ва аниқланган коррупциявий омилларни бартараф этиш юзасидан таклифларни Адлия вазирлигига киритади.

Адлия вазирлиги давлат органлари ва ташкилотлар томонидан коррупцияга қарши экспертиза натижалари бўйича аниқланган коррупциявий омилларни бартараф этиш юзасидан таклифларни умумлаштиради ҳамда коррупциявий омилларни бартараф этиш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда аниқланган коррупциявий омилларни бартараф этиш бўйича “Йўл харитаси” Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг коррупцияга қарши экспертизаси мустақил ва илмий экспертлар томонидан ўз ташаббусига кўра ёки давлат органлари ва ташкилотларнинг буюртмалари асосида белгиланган тартибда ўтказилади.

Мустақил ва илмий экспертлар ўз ташаббусига кўра, шунингдек давлат органлари ва ташкилотларнинг буюртмаларига асосан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид