Жамият | 16:52 / 28.01.2022
2769
2 дақиқада ўқилади

Каттақўрғонда солиқчининг ўлимига сабаб бўлган ЙҲХБ ходимларига қўзғатилган жиноят иши бўйича навбатдаги апелляция суди бўлиб ўтди

2021 йил 10 июн тунда Каттақўрғон туманида ИИБ ЙҲХБ ходимлари туман солиқ идораси бошлиғи ўринбосари Азизбек Аҳмедовнинг ўлимига сабабчи бўлган. 2021 йил 3 декабр куни айбдорларга ҳукм ўқилганди. Ҳар икки томоннинг апелляцияси билан жиноят иши қайта кўрилмоқда.

Фото: Kun.uz

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, бугун жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти судида бўлиб ўтган навбатдаги суд мажлисида судья судланувчилар ва гувоҳларнинг кўрсатмаларини эшитган.

Маълумот учун, 2021 йил 3 декабрь куни, жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман судида судланувчилар М.Қўчқоров (1987 йилда туғилган, Каттақўрғон тумани ИИБ ЙҲХБ бошлиғи лавозимида ишлаган) ва Ш.Раҳимбердиев (1990 йилда туғилган, Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХБ 4-отряд катта инспектори лавозимида ишлаган) га нисбатан жиноят иши кўриб чиқилган ва айбдорларга суд ҳукми ўқилган.

Суд ҳукмига кўра, М.Қўчқоров ва Ш.Раҳимбердиев Жиноят кодексининг 102-моддаси (эҳтиётсизлик орқасидан одам ўлдириш) 1-қисми ва 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.

Судланувчилар 2 йил ички ишлар органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, уларнинг ҳар бирига 2 йилу 10 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 10 июн куни Каттақўрғон тумани Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари Азиз Аҳмедов йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг зўравонлиги туфайли вафот этганди. Мазкур ҳодиса ОАВда тарқалгач, ИИВ матбуот котиби муносабат билдириб, солиқчи бошқарувидаги Cobalt светофорнинг қизил чироғида тўхтамасдан, ходимларнинг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан, юқори тезликда ҳаракатланиб яширинмоқчи бўлганини, сўнг ҳайдовчи машинани ташлаб, пиёда қочишга уринганини маълум қилганди. Аммо Kun.uz суриштирувида воқеалар тафсилоти бошқачароқ бўлгани аниқланганди.

Мавзуга оид