Тошкентда 80 фоиз ўқувчиси ОТМга кирган мактаб директори тақдирланди
Сергели туманидаги 300-мактаб директори Нигора Саидхўжаева Ўзбекистон халқ ўқитувчиси унвони билан тақдирланди. Маълум қилинишича, бу мактаб битирувчиларининг 80 фоизи олийгоҳга ўқишга кирган.
Тошкент шаҳар ҳокимлигида Сергели туманидаги 300-мактаб директори Нигора Саидхўжаевага “Ўзбекистон халқ ўқитувчиси” фахрий унвонини топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Тадбирда халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов, президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва 300-мактаб жамоаси иштирок этди.
Абдужаббор Абдувоҳидов фахрий унвон ҳақидаги президент фармонини ўқиб эшиттирди ва Нигора Саидхўжаевага унвонни топширди.
Тадбирда таъкидланишича, 2020/21 ўқув йилида 300-мактабни битирган ёшларнинг 82 фоизи олий таълим муассасалари талабасига айланган.
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 300-мактаб жамоасини бу ютуқ билан табриклади.
“Ҳурматли Нигора Эргашевна, сиз бугун Тошкентда ўқитувчиларга яққол намуна бўла олдингиз, бу ўзингиз ва жамоангизнинг ҳақиқий ютуғи бўлди. Чунки бугунги кунда 5 минг ўқувчи битта мактабда ўқиса ва унинг 80 фоиздан ошиғи олийгоҳга ўқишга кирса, бундай ютуқ кўпгина ривожланган давлатларда ҳам йўқ деб бемалол айта оламиз”, – деди ҳоким.
Тадбирда 300-мактабнинг директор ўринбосари, педагогика фанлари доктори Малика Абдуллаева мактаб режалари ҳақида гапириб ўтди.
“Ўтган йили апрел ойида бош вазир мактабга келиб, шароити бўлмаган мактабда шунча натижаларга эришаётганимизни кўриб, бизга республикада танҳо бўлган, таълим сифати ўзига хос бўлган бренд мактаб яратиш ҳақида таклиф бердилар. Келгусида янги мактабимиз очилгач, қандай механизм ва шароит яратиш ҳақида бош қотиряпмиз.
Бизнинг мактаб ўқувчилари – оддий халқнинг боласи, улар пул тўлаб хусусий мактабга боролмайди. Фақат уларга ёрдам ва таянч керак бўлади”, – деди у.
Мактаб директори Нигора Саидхўжаеванинг айтишича, биргина одамнинг меҳнати етарли эмас, жамоа кучли бўлсагина муваффақиятга эришиш мумкин.
“Бизда қанотлар деган гап бор. Қанотлар бу – “завуч”лар, ана шулар қаттиққўл, хушмуомала бўлмаса, бу жамоани бошқаришнинг ўзи бўлмайди. Мактабда 245 нафар педагог бор. Худо хоҳласа, 300-мактаб ҳақида жуда кўп нарса эшитасизлар, чунки мактаб битишига жуда катта лойиҳалар тайёрлаганмиз”, – деди Ўзбекистон халқ ўқитувчиси Нигора Саидхўжаева.
Мавзуга оид
09:10 / 15.11.2024
Тошкентда дорилар савдоси билан шуғулланиб келган шахслар ушланди
18:38 / 13.11.2024
“Шароитидан ҳам, ўқитувчиларидан ҳам қўрқиб кетдим” — Тошкентдаги ўқув марказидан одамлар норози
15:05 / 12.11.2024
Тошкент ҳавосини ифлослантириши мумкин бўлган барча объектлар назоратга олинди — ҳокимлик
22:45 / 10.11.2024