11:26 / 31.01.2022
16199

КХДР яна баллистик ракеталар синовларини ўтказмоқда. Сўнгги ракета товушдан 16 баробар тез учган

КХДР ўрта масофага ҳаракатланувчи баллистик ракеталар синовини ўтказганини тасдиқлади. Якшанба куни сўнгги 5 йилликдаги рекорд масофага етиб борган баллистик ракета учирилган. У товушдан 16 баробар тез учган.

Фото: EPA/Vostock-photo

30 январь куни Шимолий Корея 2017 йилдан буён рекорд масофани босиб ўтган баллистик ракета учирди. Бу ҳақда дастлаб Bloomberg КХДРнинг қўшнилари Япония ва Жанубий Корея ҳукуматлари баёнотларига асосланиб хабар тарқатди.

31 январь куни Марказий телеграф агентлиги бу маълумотни тасдиқлади.

Шимолий Корея ўрта масофага ҳаракатланувчи ракетани Чагандо провинциясидан учирган. У учирилишдан олдин тик ҳолда ўрнатилган. 30 дақиқа мобайнида у Ер юзаси бўйлаб 800 километр масофага учган ва денгизга қулашдан аввал 2000 километр юқорига чиққан. Ракета Япония иқтисодий зоналари чегараларидан ташқарига қулаган.

Фото: EPA

Жанубий Кореянинг Yonhap агентлиги анонимлик шарти билан гапирган ҳарбий амалдорга таяниб хабар беришича, учиш вақтида ракета максимал тезлиги 16 Мах’ни ташкил этган, яъни товуш тезлигидан 16 марта юқори. Манба сўзларига кўра, ракета КХДР 2017 йилда синовдан ўтказган «Хвасон-12»га ўхшаш бўлган.

Шимолий Корея 2017 йил охиридан буён қитъалараро ҳаракатланувчи баллистик ракеталар ва ядровий синовларга мораторийсига амал қилган ҳолда бу каби синовларни ўтказмаганди.

Associated Press агентлиги хабар қилишича, бу - КХДРда 2022 йил январь ойи бошидан буён еттинчи марта ракета синовлари ўтказилиши бўлди. Шимоллик корейслар охирги марта 27 январь куни ракета учирган эди. Жорий йилдаги биринчи ракетасини 5 январь куни, иккинчисини — 11 январда, учинчисини — 14 январда учирган. Шунингдек, 17 ва 25 январь кунлари ҳам Япон денгизи томон снарядлар учирилган.

Бу 2021 йил мобайнида ўтказилган барча синовлардан кўп.

  • 2017 йилда КХДР раҳбари Ким Чен Ин мамлакат ядровий кучларини яратишда муваффақиятга эришилгани, АҚШга қадар етиб борувчи ракета учирилгани ҳақида эълон қилганди. Ўшанда, 2017 йил ноябрида «Хвасон-15» ракетаси синови ўтказилганди. Ракета 53 дақиқа мобайнида 4,5 минг километр юқорига кўтарилган ва учириш жойидан 950 километр масофада денгизга қулаганди.
Top