Ўзбекистон | 09:45 / 31.01.2022
871
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда юқори кучланишли электр линияси муҳофаза ҳудудидаги ер қонунларга зид равишда аукционга чиқарилгани аниқланди

Ижтимоий тармоқларда, Яккабоғ тумани “Айғиркўл” МФЙ ҳудудидаги футбол майдони аукцион орқали сотиб юборилгани ҳақида хабарлар тарқалган. Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси муносабат билдирди.

Муносабатда маълум қилинишича, Яккабоғ тумани, “Айғиркўл” МФЙ ҳудудидаги бўш турган 38 сотих ер участкаси амалдаги қонун талабларига зид равишда “Ер электрон автоматлаштирилган ахборот тизими” дастури орқали сотиб юборилган.

Хусусан, “Айғиркўл” МФЙ ҳудудида аҳоли томонидан ижтимоий мақсадларда фойдаланиб келинаётган ерда мутасадди идораларнинг розилиги билан 5 қаватли турар жой массиви қурилиши бўйича таклиф берилган. Сўнг “Ер электрон автоматлаштирилган ахборот тизими” дастурига ушбу ер участкасида кўп қаватли турар жой қуриш ҳақида таклиф киритилган.

Ўрганиш давомида, мазкур ҳудуд, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги 1050-сонли ва 11.12.2019 йилдаги 981-сонли қарорлари талабларига асосан, 10кВ Ойбек ҳаво линияси муҳофаза зонасида экани, дренаж ўтгани сабабли кўп қаватли бино қуриш мумкин эмаслиги аниқланган.

Ушбу ҳудуд тадбиркорлар томонидан аукцион орқали сотиб олиниши оқибатида, уларнинг манфаатларига кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Яккабоғ туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Яккабоғ тумани Қўтанбой қишлоғида жойлашган 51-мактаб олдида йўл ёқасидаги жой ҳам амалдаги қонунчиликларга зид равишда аукцион савдоларига чиқариб юборилганди.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид