“Тил ўрганиш ёқимли машғулот бўлиши керак” — IELTS'дан 8,5 олган 10-синф ўқувчиси
Малоҳат Набиева — 17 ёшда. Фарғона вилояти, Бувайда туманидаги 1-мактаб ўқувчиси. У декабр ойида IELTS имтиҳонини топшириб, максимал 9 баллдан 8,5 балл олди.
Ўзбекистонликларнинг IELTS имтиҳонидан тўплаётган ўртача кўрсаткичи – 5,7 балл эканини ҳисобга олсак, 10-синф ўқувчиси қўлга киритган балл юқори натижа эканини тушуниш мумкин.
Малоҳат инглиз тили грамматикаси билан 8-синфдан бошлаб жиддий шуғулланишни бошлайди.
“Ота-онам доим ўқишга қизиқтиришган”
— Инглиз тилида алоҳида тайёргарлик кўришни бошланмагунча бошланғич даражада билардим. Дастлаб, 8-синфда 4 ой грамматика ўқидим ва ундан кейин IELTS деган имтиҳон тизими борлигини эшитганман. Грамматикам яхши бўлиб қолгани сабаб инглиз тилини ўрганишга диққатимни кучайтирдим. Шундай қилиб ўртада танаффуслар билан инглиз тилини 1,5-2 йил жиддий шуғулланиб ўргандим.
Имтиҳонда ўқиш (reading) ва эшитиш (listening) кўникмаларидан 9 балл, ёзиш (writing) ва гапириш (speaking) кўникмаларидан эса 7,5 баллдан йиғиб, жами 8,5 балл тўпладим.
Оилада 3 нафар фарзандмиз. Мен – энг каттасиман. Ўқишимга кўпроқ бобом ва дадам рағбат беришган. Уйдагилар ўқишимизни доим қўллаб-қувватлашади. “Тил ўрганишинг учун нима зарур бўлса, ёрдам берамиз”, дейишади.
Шунинг учун ҳам имтиҳон олди анча хавотир олдим. “Яхши натижа кўрсатишим керак, ҳамма мени кутяпти”, деган масъулият бор эди.
Уйдагиларим кўпинча “Ҳали ўқишга топширишингга бор, ўзингни кўп қийнаяпсан”, деб ҳам айтишарди. Уларнинг ишончини оқлаганимдан хурсандман.
“Ўзим учун инглиз тили муҳитини яратгандим”
— Инглиз тилидан даражам 5,5 баллга етганда қаттиқ шуғулланишни бошладим. Кунига 5-6 соат вақтимни шунга бағишлаганман. Ўқитувчимиз ҳам бизга шуғулланишимиз учун берадиган топшириқларни охиригача бажармагунимизча қўймасди. Яна бир фойда берган нарса – атрофимда тўла инглиз тили муҳити ярата олганим, деб ўйлайман. Эшитадиган қўшиқларим, подкастларим, кўрадиган видеоларим, ўқийдиган нарсаларимнинг ҳаммаси – инглиз тилида. Бу инглиз тилим яхшиланишига ёрдам берди.
Баъзилар IELTS'да тушадиган саволларни кўп-кўп ишлаб, амалиёт қилишади. Лекин, менимча, 7дан юқори балл олиш учун структурани яхши билишдан ташқари инглиз тилини билиш даражаси яхши бўлиши ҳам керак. Шунда саволларни ишлашга, матнларни тушуниш ва осонгина тинглаб, англай олишга эришиш мумкин.
Мен кўпроқ мақолалар ва мотивацион, бадиий китобларни инглиз тилида ўқидим. Сўз ёдлашда эса уни кўпроқ ишлатишга ҳаракат қилдим. Янги ўрганилган нарсалар “активлаштирилса”, улар кўпроқ эсда қолади.
“Математикадан ҳам халқаро даража олиш ниятидаман”
— IELTS'га тайёрланиш жараёнида имтиҳон материалларини, қўшимча материалларни ўқиб, “Natural science” – табиий фанлар, “Environmental protection” – атроф-муҳитни ҳимоя қилиш каби йўналишларда билимларга эга бўлдим, ўзимда ҳам турли ғоялар пайдо бўлди.
Ҳозир математика фанини ўрганишни бошладим. Математикадан ҳам халқаро даража олиш ниятидаман. АҚШ ва Буюк Британия университетларига “бизнес-менежмент” йўналишига ҳужжат топширмоқчиман. Лекин ҳозирча уйдагилар хорижга ўқишга боришимни хоҳлашмаяпти. Тўлиқ грант олишга эриша олсам, уларни кўндиришга ҳаракат қиламан.
Инглиз тилини ёки бошқа тилларни ўрганишни бошлаган тенгдошларимга ўзлари қилаётган меҳнатни “қизиқарли машғулот” қилиб олишларини маслаҳат берган бўлардим. Шунда улар ўрганаётган янги нарсалар ҳам фойдали, ҳам қизиқарли бўлади.
Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.
Мавзуга оид
11:20 / 22.11.2024
“Қани депутатлар, нега қарамаяпти?” — пропан нархидан ҳайдовчилар хавотирда
19:02 / 21.11.2024
Фарғона аэропортида ҳаво кемаларини қабул қилишга вақтинчалик чекловлар жорий этилди
11:28 / 21.11.2024
Фарғонада содир бўлган ЙТҲда вояга етмаган қиз ҳалок бўлди
10:16 / 12.11.2024