Ўзбекистон | 19:37 / 01.02.2022
2806
2 дақиқада ўқилади

Ургутда хўроз уриштириладиган йирик яширин «арена» фош этилди

Фото: Видеодан кадр

Ургут шаҳрида хўроз уриштириладиган яширин «арена» фош этилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Ургут тумани бўйича ИИО ФМБ ходимлари томонидан Ургут шаҳрида тезкор тадбир ўтказилган. Унда шаҳарнинг Гулистон кўчасида яшовчи 38 ёшли фуқаро, Ургут шаҳри Навбоғ маҳалласи Навоий шоҳкўчасида жойлашган уйларнинг бирида яширин “арена” ташкил қилиб, хўрозларни пул эвазига уриштираётгани ва қимор ўйини ўтказаётгани аниқланган.

Суриштирувлар давомида 30 нафар фуқаро ўзига тегишли бўлган хўрозларини уриштириш мақсадида олиб келгани маълум бўлган ва белгиланган тартибда расмийлаштирилган

Хўроз уриштириш “арена”сига жангларни томоша қилиш учун 400 нафардан ортиқ фуқаролар келган ва улар орасида 35 нафар вояга етмаганлар ҳам бўлган.

Ташкилотчининг ёнидан томошага келган фуқаролардан йиғиб олинган жами 5 миллион 726 минг сўм пуллар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Ургут тумани бўйича ИИО ФМБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид