Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Талабаларнинг ҳар йилги икки ҳафталик қишки таътили бўйича янги таклиф маъқулланади
Президентнинг “Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида таълим олувчиларнинг ҳар йилги қишки таътили тўғрисида”ги фармони лойиҳаси эълон қилинди.
Таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органларининг декабрь ойи охирги ўн кунлиги ва январь ойи биринчи ўн кунлиги оралиғида Ўзбекистон профессионал таълим муассасалари ўқувчилари ва олий таълим муассасалари талабаларининг ҳар йилги икки ҳафталик қишки таътилини ўтказиш бўйича таклифлари маъқулланади.
Белгиланишича, таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органлари мавжуд шароитдан келиб чиқиб ўқувчи ва талабаларга таътил бериш муддатини ўзгартириш ҳуқуқига эга.
Тизимида давлат олий таълим, ўрта махсус, профессионал таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари, шунингдек давлат иштирокидаги олий, ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари бўлган вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари:
- қишки таътилни уюшқоқлик билан ўтказиш юзасидан зарур чоралар кўради;
- кундузги таълим шаклидаги таълим ташкилотида таълим олувчилар ва ўқувчиларнинг доимий истиқомат жойларига бориб келишига ёрдам беради;
- таътил даврида мактаблар, олий таълим, ўрта махсус, профессионал таълим муассасалари ва улар филиалларининг педагогика соҳасидаги имкониятларидан самарали фойдаланишни таъминлайди, ўқувчилар ва талабалар билан ишлашнинг дарсдан ташқари фаол усулларини, шунингдек педагог ходимлар малакасини оширишни, олий таълим муассасасининг соҳасига мувофиқ турли маслаҳат ёрдами беришни кўзда тутади.
Белгиланишича:
а) Транспорт вазирлиги, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва “Uzbekistan airways” АЖ таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органларининг қишки таътилни эълон қилиш ҳақидаги буйруқлари ва буюртманомалари асосида қишки таътил бошланишидан 10 кун аввалдан бошлаб чипта тўлиқ қийматидан 50 фоизли чегирма тўлови асосида республика ичида ҳаракатланувчи тезюрар ва йўловчи (юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар ва барча йўловчи поездларнинг СВ, ВИП вагонлари бундан мустасно) поездларига ҳамда маҳаллий авиарейсларга чипталар сотувини ташкил этади;
б) ўқувчи ва талабаларнинг йўналишли шаҳарлараро автобус қатнови орқали ҳаракатланиши учун ҳам имтиёзли чипталар тақдим этиш механизми жорий этилади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Президент таълим муассасалари агентлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг ўқувчи ва талабаларнинг қишки таътилда ҳаракатланиш графигини мувофиқлаштириш мақсадида яшаш жойи республиканинг бир минтақасида, таълим олиш жойи эса бошқа минтақасида бўлган ўқувчи ва талабалар ҳақида махсус электрон платформани (www.e-holiday.uz) яратиш тўғрисидаги таклифи маъқулланади.