Ўзбекистон | 23:02 / 07.02.2022
15717
4 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев қурилиш лойиҳалари тақдимоти билан танишди

Президент ҳузурида Самарқандда қайта қурилаётган Имом Бухорий мажмуаси, Урганчдаги Ал-Хоразмий шаҳарчаси ва Жалолиддин Мангуберди мажмуаси, Тошкентнинг Яшнобод туманидаги Олимпия шаҳарчаси ва Бўстонлиқдаги туристик зона тақдимоти бўлиб ўтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 7 февраль куни қурилиш лойиҳалари тақдимоти билан танишди.

Расмий релизда ёзилишича, Самарқанд вилоятида Имом Бухорий мажмуаси янгидан барпо этилмоқда. Унинг қурилиши ўтган йили Рамазон ойида бошланган эди. Бугунги кунда бинолар қад ростлаб, пардозлаш ишларига оз фурсат қолди. Тақдимотда мажмуанинг ички ва ташқи кўринишига оид чизмалар кўриб чиқилди.

Унга кўра, мажмуа деворлари миллий нақшлар, пардозбоп тошлар билан сайқалланади. Мақбарада наққошлик ва хаттотлик санъати уйғунлашади; деворларига қадимий услубда Қуръони карим суралари ва ҳадислар ёзилади. Барча пардозлаш ишларида ёрқин, “иссиқ” ранглардан кўпроқ фойдаланилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида Ал-Хоразмий шаҳарчаси қурилиши режалаштирилган. Лойиҳага кўра, у ерда университет, мактаб ва боғча, IT-парк, фан ва маданият марказлари, спорт мажмуаси барпо этилади. Шаҳарча марказида Муҳаммад ал-Хоразмий майдони бўлади, буюк алломанинг янги ҳайкали ўрнатилади.

Урганч шаҳрида Жалолиддин Мангуберди мажмуаси ҳам қурилмоқда. Бугунги кунда саркарданинг ҳайкали ўрнатилган, атрофдаги қарийб 8 гектар майдон ободонлаштирилмоқда.

Шунга яқин жойда минг ўринли санъат саройи бунёд этиш ҳам мўлжалланган. У ерда Хоразм лазгиси анъаналарини сақлаш, ўрганиш ва кенг ёйиш замонавий шароит яратилади. Турли тадбирлар, концертлар ўтказилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

2020 йил 22 октябрда “Ҳарбий тиббиёт соҳасида кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” президент қарори қабул қилинган эди. Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ҳарбий тиббиёт академияси ташкил этилди.

Қарорда мазкур академия учун янги бинолар қуриш ва ўқув-моддий базасини такомиллаштириш бўйича вазифалар белгиланган. Тақдимотда шу борадаги лойиҳалар ҳақида ҳам ахборот берилди. Унга кўра, ўқув ва даволаш бинолари, ётоқхона, хизмат уйи қурилиб, мавжуд объектлар таъмирланади, ҳудуд ободонлаштирилади.

Президент лойиҳаларни такомиллаштириш ва сифатли қуриш юзасидан кўрсатмалар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида Олимпия шаҳарчаси қурилиши режалаштирилган. 160 гектарни эгаллайдиган мазкур шаҳарчада универсал стадион, очиқ ва ёпиқ спорт мажмуалари, ётоқхона, меҳмонхона, Чирчиқ дарёсида эшкак эшиш ҳавзаси барпо этилади. Бу инфратузилма йирик мусобақалар ўтказиш ва бўлажак Олимпия захиралари институти учун ўқув-машғулот базаси бўлади.

Тақдимотда сайёҳлик объектлари ҳақида ҳам сўз борди. Жумладан, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида “Чорвоқ” туристик-рекреацион зонаси ташкил этилмоқда. Давлат раҳбарига шу борадаги ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Унга кўра, Чорвоқ сув омбори ва Чирчиқ дарёси бўйида экотуризм объектлари барпо этилади. Бунинг аввало қулай транспорт тизими йўлга қўйилади. “Чорвоқ дарвозаси” ва “Юсуфхона” ҳудудларида дам олиш жойлари, Жанубий Хўжакентда анъанавий тоғ қишлоғи барпо этилади. Ҳудуднинг хушманзара табиати ва рельефини сақлаб қолишга алоҳида эътибор қаратилади. Боғлар, пикник жойлари, велосипед йўлаклари ташкил қилинади. Шундай лойиҳа Чимён ҳудудида ҳам режалаштирилган.

Шавкат Мирзиёев бу мажмуалар оммабоп бўлиши зарурлигини таъкидлаб, барча юртдошларимиз, турли касб эгаларига мос арзон ва қулай хизматлар таклиф этиш вазифасини қўйди.

Тошкент шаҳрини ёндош ҳудудга кенгайтириш, янги қуриладиган мавзеларни инфратузилма ва транспорт хизматлари билан таъминлаш бўйича лойиҳа концепцияси ҳам кўриб чиқилди.

Мавзуга оид