Кончилар шаҳарчаси Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида жойлашган. Пойтахтдан тахминан 2 соатча юриб, Янгиобод кончилар шаҳарчасига етиб бордик.


Шаҳарчада ўзингизни ўтган асрнинг 60-йилларига тушиб қолгандек ҳис қиласиз. Тўрт томони тоғлар билан ўралган шаҳарчадаги барча бинолар тарихийлигини сақлаб қолган. Бир томонидаги жарликдан булоқ оқади, сувнинг шовқини табиатга кўрк бериб туради. Одамлар ҳамон пастак, эски уйларда яшайди, зиналар ва бутун шаҳарчанинг архитектураси бузиб қайта бўялмаган, аслидек.


Энг эътиборни тортадиган жой – маҳалла биноси. Илгари мусиқа мактаби бўлгани учун бино олдида рус композитори Михаил Чайковскийнинг ҳайкали қад ростлаган. Кейинчалик Янгиобод Ангренга қўшилгач, бино маҳалла фуқаролар йиғинига берилган.

«Кончи» маданият саройи. 1965 йилда қурилган, 80-йилларда реконструкция қилинган. Ҳозирда маданий тадбирлар ўтказилади.



Шаҳарчада одам камлиги яққол сезилади. Асосан кексаларни учратиш мумкин. Кон ёпилгунча шаҳарчада 3 минг нафар аҳоли бўлган, ҳозир 500 атрофида аҳоли истиқомат қилади.


Ушбу ҳудудда илгари «Чилтен» уран кони бўлган ва шу сабабли “Кончилар шаҳарчаси” деб аталган. Коннинг дебети (самарадорлиги) пасайиб бориши билан 1985-йилларда уни ёпиш ишлари бошланган, 90-йилларгача рекультивация ишлари якунланиб, кон буткул ёпилган.

























