Ўзбекистон | 22:19 / 10.02.2022
16273
5 дақиқада ўқилади

“Ўқимас экансиз, минг валломати бўлсангиз ҳам, энди ҳайдовчилик гувоҳномасини ололмайсиз!” — Алламжонов

Ўзбекистондаги биринчи тўлиқ автоматлаштирилган имтиҳон маркази асосчиси Комил Алламжонов ҳайдовчилик гувоҳномасини олишнинг янги тартиби юзасидан мурожаат билан чиқди.

Алламжонов йўл транспорт ҳодисалари сабаб биргина 2021 йилнинг ўзида 2,4 мингдан ортиқ одам, хусусан 263 нафар бола ҳалок бўлганини таъкидлайди.

“Бу – автоҳалокат содир бўлган жойда, ўша пайтнинг ўзида ўлганлар сони. Яна минглаб одамлар оғир тан жароҳатлари билан шифохонага келтирилиб, орадан вақт ўтиб, вафот этади. Қанчадан қанча одам бир умрга ногирон бўлиб қолади.

2 мингдан ортиқ одам бу тахминан 10та самолёт тўла йўловчи дегани. Агар қайсидир давлатда битта самолёт ҳалокатга учраб, 200 нафар одам ўлса, бутун дунё матбуоти бонг уради, диллар хира бўлиб, ҳаммани хавотир босади. Бизнинг йўлларимизда эса йилига ўнталаб самолёт одам ҳалок бўляпти”, – дейди у.

Комил Алламжонов фарзандларининг мактабга қатнашидан хавотирланиши, чунки кўчадаги ҳайдовчиларнинг 80 фоиздан кўпроғи ҳайдовчилик гувоҳномасини ўқимасдан олганини айтади.

У, шунингдек, автоҳалокатлар ҳайдовчиларнинг билим даражасидан ташқари, йўлларнинг сифатига ҳам боғлиқлигини қайд этиб, хавфсизлик таъминланиши учун инфратузилмани ҳам тартибга солиш зарурлигини таъкидлайди.

“Мен бугундан бошлаб автоҳалокатлар сонини пасайтириш, унда одамларнинг ўлими билан боғлиқ ҳолатларни камайтириш учун курашга бел боғладим. Мен инсон омили аралашмаган, таниш-билишчилик аралашмаган, коррупция аралашмаган сифатли ва самарали имтиҳон маркази барпо эта олганим билан фахрланаман.

Бу – монополия эмас. Менга бу ёрлиқни ёпиштиришга уринманг. Ҳукумат шундай қарор қабул қилди ва мен фуқаро сифатида шу имконият асосида тизим жорий қилиб, лицензия олдим. Бу манфаатлар тўқнашуви ҳам эмас. Қарорнинг қабул қилинишида мен томонимдан лобби ҳам бўлмаган”, – дейди Комил Алламжонов.

“Тошкент имтиҳон маркази” асосчиси ўз мурожаатида бу бозорга кириш чекланмагани, бироқ ғирромликка йўл қўйилмаслигини билдирган.

“Бу бозор ростдан ҳам очиқ. Лекин унда ғирромликка йўл қўйилмайди. Имконият бор. Янги муассасалар очилсин, сифатли ишласин, пулини ҳалоллаб олсин. Фақат гувоҳнома сотадиган дўконга айланмасин.

Мен жамоатчилик эътиборини шу тарафга қаратишга, сифатли ва коррупциядан холи тизим шаклланишини назоратга олишга чақираман.

Гувоҳномани осонгина олмоқчи бўлганларга маслаҳатим – ўқиб, билим олинг, машина ҳайдашни кўчада эмас, автомактабда ўрганинг ва сизга сифатли таълим берилишини талаб қилинг. Чунки ўқимас экансиз, минг валломати бўлсангиз ҳам, энди ҳайдовчилик гувоҳномасини ололмайсиз.

Автомактаблар, сиз эса бундай лойиҳаларни саботаж қилишни тўхтатинг. Ҳар хил “форточкалар” қидирманг, ундан кўра ҳар бир ўқувчини яхшилаб имтиҳонга тайёрланг, шундагина ютасиз. Ўтди у даврлар. Энди бу масалага шахсан давлат раҳбарининг ўзи эътибор қаратди.

Ҳаммамиз йўқолсин коррупция, коррупцияга чек қўйиш керак деймиз. Мана ўша коррупцияни йўқотиш механизмларидан бири.

Мен, Комил Алламжонов шу курашда фаол бўлишни ўзимнинг фуқаролик бурчим деб билдим. Сиз ҳам мени қўллайсиз деб ўйлайман”, дейди Алламжонов ўз мурожаатида.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномаси учун имтиҳон ўтказиш ҳуқуқини хусусий марказларга ўтказиш 2020 йил декабрдаги президент қарорида белгиланган.

Шу асосда, 2021 йил май ойида ҳукумат қарори қабул қилиниб, ҳайдовчилик гувоҳномаси имтиҳонини ўтказиш объектларига қўйиладиган талаблар тасдиқланди. Энг асосий талаб – ҳам назарий, ҳам амалий имтиҳонларда инсон омили чекланган, жараёнлар тўла автоматлаштирилган бўлиши зарур.

Белгиланган талабларга жавоб берадиган, Комил Алламжонов томонидан асос солинган биринчи марказ 2022 йил 3 феврал куни Тошкентда очилди.

Ҳукумат қарорига асосан, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳон ўтказиш ҳуқуқига эга тадбиркорлик субъектлари фаолият бошлаган ҳудудларда ДЙҲХХнинг бу йўналишдаги фаолияти тугатилади. Шу асосда 4 февралдан бошлаб пойтахт ИИББ ЙҲХБнинг имтиҳон олиш бўлимлари ҳайдовчилик гувоҳномаси учун имтиҳонлар қабул қилишни тўхтатди.

Мавзуга оид