Комбинат таркибидаги Саноат темирйўл транспорти бошқармаси бу мажмуанинг корхоналарини ўзаро боғловчи ришта бўлиб, рудаларни ўз вақтида бойитиш фабрикаларига етказишдек масъулиятли вазифани бажариб келади. Бундан ташқари, комбинатга келадиган технологик юклар ва жўнатиладиган маҳсулотлар ҳам айнан саноатнинг қон томирлари бўлган темирйўл орқали ўз манзилларига етказилади.
СТТБ таркибида айни пайтда 13та темирйўл станциялари бўлиб, темирйўллар умумий узунлиги – 249,05 километрни ташкил этади. Комбинатда амалга ошириб келинаётган инвестициявий лойиҳалар доирасида темирйўл транспорти соҳасида ҳам салмоқли ишлар бажарилмоқда. Жумладан, “Саноат темирйўл транспорт бошқармаси марказий йўл участкасини модернизация қилиш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ишлари жадаллик билан давом эттирилмоқда.

Юк ташиш жараёни энг мақбул логистика ва транспорт йўналишларини доимий равишда такомиллаштиришни талаб қилади. Февраль ойининг бошида “Олмалиқ КМК” АЖ логистика ва темирйўл транспорти бўлими ташаббуси билан комбинатга “Озодлик” станцияси орқали кирувчи ва чиқувчи юкларнинг маршрутини ўзгартириш бўйича кўриб чиқиш учун техник қарор қабул қилинди. Ушбу таклиф ОКМК раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватланиб, уни амалиётга жорий этиш вазифаси белгиланди. Мазкур таклиф амалиётга жорий этилиши натижасида комбинат таркибий бўлинмаларида ишлаб чиқариш учун зарур бўлган технологик юкларнинг барқарор қабул қилиниши таъминланиб, 2040 йилгача уч бараваргача ўсиши кутилаётган юк ташиш ҳажмини қабул қилиш ҳамда йилига 6,7 млрд сўм маблағни иқтисод қилиш имконияти туғилади.
Бундан ташқари, ОКМК логистика ва темирйўл транспорти бўлими бошлиғи Умар Мавлянқуловнинг маълум қилишича, маҳсулотлар таннархини камайтириш, олиб келинадиган рудалар ва технологик юкларни етказиб беришда автоташувлар масофасини қисқартириш мақсадида “Чодак кон бошқармасининг товар-моддий бойликларини “Поп” темирйўл бекатидан “Темирйўлобод” бекатига ташиш маршрути схемасини ўзгартириш” номли рационализаторлик таклифи ҳам берилган. Мазкур таклифга кўра, Чодак кон бошқармасидан 12 км узоқликда жойлашган “Темирйўлобод” темирйўл бекатининг омбор хўжалиги кўчирилиши кўзда тутилган.

Чодак кони бошқармасидан юк ташиш темирйўл орқали жўнаш бекатидан “Ўзбекистон темирйўллари” АЖнинг “Поп” бекатигача, кейин “Поп” бекатидан Чодак кони бошқармаси омборларигача ташиш масофа оралиғи 70 км бўлган йўл орқали автотранспорт ёрдамида амалга ошириб келинар эди.

















