Жамият | 14:15 / 11.02.2022
7008
2 дақиқада ўқилади

“7 йилдан бери касалхонада яшаймиз”: ёлғиз она ёлғиз ва дардманд ўғли ҳақида

“Боламда бир нечта оғир касалликлар аниқланган. 7 йилдан бери даволатаман. Ёрдам берадиган ҳеч кимим: ака-укам, отам йўқ. Турмуш ўртоғим ўғлимнинг хасталигини эшитиб биздан воз кечди. Шу болам учун яшаяпман” дейди бемор боланинг онаси Матлуба Нуриддинова.

Сурхондарё вилояти Денов туманида истиқомат қилувчи она-боланинг бир-биридан бошқа суянчиғи йўқ. Ҳамма қатори бахтли бўлишни орзу қилиб турмушга чиққан Матлуба ўғил фарзандли бўлиш бахтига муяссар бўлди. Аммо шунинг ортидан турмушидан айрилди, чунки фарзанди Жасурбекка талассемия ташхиси қўйилгани сабабли турмуш ўртоғи улардан воз кечди.

Ёлғиз онаси қарамоғида қолган болакай 6 ойлик чоғидан шу дардни енгишга ҳаракат қилиб келмоқда. Бугун 7 ёшга тўлган Жасурбек Мингноровда жигар циррози, гепатит С, талоқ шишиши ҳам аниқланган. Унга фақат хорижда ўтказиладиган илик кўчириш операцияси ёрдам бериши мумкин – унга онаси донорлик қилмоқчи.

“Касалхона бизнинг уйимиз бўлиб қолган. Ҳар ойда уч марталаб шифохонада ётамиз – бир ҳафта уйда бўлсак, қолган 25 кунимиз касалхонада ўтади. 7 йилдан бери шу аҳволда яшаймиз. Боламдан хавотирдаман: қанча умри қолди билмайман.

Ёрдам берадиган ҳеч кимим: ака-укам, отам йўқ. Турмуш ўртоғим ўғлимнинг хасталигини эшитиб биздан воз кечди. Шу болам учун яшаяпман” дейди бемор боланинг онаси Матлуба Нуриддинова.

Жасурбек ёш бўлса-да бошидан ўтаётганларни ҳис қилиб турибди – нигоҳларидаги дард, ўксиклик, тортиниш буни ифодалайди. Бир бошига шунча ташвиш ёғилган ёлғиз аёлнинг қалбига малҳам бўлган фарзанд яшаши учун яхшиларнинг мадади зарур.

Uzkard: 8600 3104 5410 8473 онаси Матлуба Нуриддинова номида

Сбербанк: 4817 7603 2408 9659 қариндоши Музаффар Абдураҳматов номида

Гулмира Тошниёзова
Тайёрлаган Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид