Елизавета II тахтга ўтиргандан буён кўп воқеалар бўлиб ўтди. Буюк Британия қўл остида бўлган аксарият ҳудудлар мустақил бўлди. СССР ва Ғарб ўртасида совуқ уруш бўлиб ўтди. Инсон космосга парвоз қилди, Ойга қадами етди. Телевидение ривожланди ва интернет пайдо бўлди. Дунё давлатларининг сиёсий ва иқтисодий ҳолатлари ўзгарди. Елизавета II эса ҳамон Буюк Британия тахтида ўтирибди ва уни бугун дунёнинг турли бурчакларида яшаётган миллионлаб инсонлар ўз қироличаси деб билади.

Фото: stock.adobe.com

Елизавета II нинг қисқача таржимайи ҳоли

Елизавета II 1926 йилда Буюк Британия қироли Георг VI оиласида туғилади. 1947 йилда Эдинбург герцоги Филиппга турмушга чиқади. 1952 йил 6 феврал куни отасининг вафотидан сўнг Буюк Британия қироличаси бўлади. Тож кийдириш маросими 1953 йил 2 июн куни бўлиб ўтади.

Елизаветага тож кийдириш маросими. 1953 йил 2 июн
Фото: sei80.com

Елизавета II ва Филипп 4 нафар фарзанд кўришган. Шаҳзода Чарлз (1948 йилда туғилган), малика Анна (1950 йилда туғилган), шаҳзода Эндрю (1960 йилда туғилган), шаҳзода Эдуард (1964 йилда туғилган).

Елизавета II нинг турмуш ўртоғи Филипп ҳам қиролича каби узоқ умр кўрди ва 2021 йилда 99 ёшида вафот этди.

Елизаветта II ва Филипп / Фото: www.alamy.com

Қироличанинг 8 нафар набираси бор. Улар орасидан шаҳзода Чарлз ва малика Диананинг икки ўғли – шаҳзодалар Уилям ҳамда Ҳарри доим омма эътиборида. Шунингдек, Елизавета II нинг бир неча нафар эваралари бор.

Елизавета II ҳақида қизиқарли маълумотлар

Елизавета II инсоният тарихида энг узоқ тахтда ўтирган монарх ҳисобланади. У дунё давлатлари раҳбарлари орасида энг кекса ҳукмдор ҳисобланади. Елизавета II нинг катта бувиси қиролича Виктория ҳам узоқ умр кўрган ва Буюк Британияни 63 йил бошқарган. У бу рекордни 2015 йилда янгилади.