Жаҳон | 11:22 / 11.02.2022
4296
2 дақиқада ўқилади

АҚШда йиллик инфляция 40 йиллик рекордни янгилади

Январь ойида АҚШда инфляция йиллик ҳисобда 7,5 фоизгача тезлашди ва сўнгги 40 йил ичида энг юқори даражага кўтарилди, деб хабар берди АҚШ Федерал Меҳнат статистикаси бюроси.

Фото: РИА Новости / Владимир Трефилов

Бу қиймат экспертларнинг 7,2 фоизлик прогнозидан ошиб кетди ва бу йил Федерал захира тизими томонидан фоиз ставкаларининг сезиларли даражада ошиши эҳтимолини оширади, деб хабар беради РБК. 
 
Bloomberg’нинг таъкидлашича, инвесторлар Федерал захира тизими томонидан монетар рағбатлантириш омилларининг янада агрессив қисқартирилишига умид қилмоқда. Бозорлар энди март ойида 0,5 фоизлик ўсишнинг 50 фоиз эҳтимолини тахмин қилмоқда. Федерал захира тизимининг навбатдаги йиғилиши 15-16 март кунлари бўлиб ўтади.

Bank of America Федерал захира тизимининг Уолл-стритдаги ўта агрессив ҳаракатини башорат қилмоқда. BofA глобал иқтисодий тадқиқотлар бўлими бошлиғи Итан Харрис 2022 йилда ставкаларнинг етти марта, келаси йили эса яна тўрт марта 0,25 фоизга оширилишини тахмин қилди. 

АҚШ реал ЯИМ ўтган йили 6,9 фоизга ўсди, бу 1984 йилдан бери энг тез суръатдир. Бу ўсиш кучли меҳнат бозори билан боғлиқ – иш берувчилар сўнгги уч ойда 1,6 миллионга яқин иш ўрни яратди.

Инфляция Федерал захира тизимининг мақсадли кўрсаткичидан анча юқори бўлган ҳолда, ишга қабул қилишнинг барқарор ўсиши захира тизимининг келгуси ой бошида фоиз ставкаларини оширишга мажбур қилади ҳамда май ва июнь ойларида янада ошишига олиб келиши мумкин, деб ёзади The Wall Street Journal. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид