Жамият | 16:32 / 11.02.2022
36711
3 дақиқада ўқилади

Икки фуқаро фарзандли бўлгани ҳақида янглиш смс-хабар олди. Бунга нима сабаб бўлган?

11 февраль куни Тошкент ва Наманган шаҳарларида яшовчи икки эркакка фарзандли бўлгани ҳақида смс-хабар борган. Аммо улар шу кунларда фарзандли бўлмаган эдилар.

Фотоколлаж: Kun.uz

Наманган шаҳрида яшовчи Facebook фойдаланувчиси Муҳаммад Икром 11 февраль куни мобил телефонига ФҲДЁдан фарзандли бўлгани ҳақида смс-хабар келгани тўғрисида  ёзди.

“Давлат хизматлари агентлиги фарзандли бўлганингиз билан қутлайди. ФҲДЁ органидан туғилганлик гувоҳномасини олишингиз мумкин (бепул). ID: 4522177”, дейилади соат 09:40да юборилган хабарда.

Ижтимоий тармоқдаги постдан скриншот.

Ушбу постда фикр билдирган тошкентлик Камолиддин Маҳмудов ҳам худди шу мазмунда смс-хабар олганини маълум қилди. Хабарнинг матни ҳам, унда қайд этилган ID рақами ҳам Муҳаммад Икромга юборилган смс билан бир хил.

Камолиддин Маҳмудовга “фарзанди учун туғилганлик гувоҳномаси тайёр бўлгани, бориб олиши мумкин”лиги ҳақида яна бир хабар боради.

Ижтимоий тармоқдаги постдан скриншот

Муҳаммад Икром ҳам, Камолиддин Маҳмудов ҳам Kun.uz мухбири билан суҳбатда шу кунларда фарзандли бўлишмагани, бу хабар уларга янглиш юборилгани, бундай хатолар бошқаларнинг оиласидаги хотиржамликка путур етказиши мумкинлигини таъкидлашди. Камолиддин Маҳмудов маълум муддатдан сўнг Facebook’даги постни ўчириб ташлади.

Давлат хизматлари агентлиги директорининг матбуот котиби Севара Зокирова юзага келган ҳар икки ҳолат бўйича тушунтириш берди.

“Биринчи ҳолатда смс-хабар фуқарога адашиб юборилган. Илгари туғуруқхоналар маълумотномани қоғоз кўринишида берарди, кейин ўша қоғоз билан  ФҲДЁга бориларди. Энди эса бу жараён электронлаштирилган. Барча маълумотлар туғуруқхонанинг масъул ходимлари томонидан электрон тизимга киритилади. Биринчи ҳолатда масъул ходим қайсидир рақамни нотўғри киритиб, техник хатога йўл қўйган. Фарзандли бўлган фуқаро телефон рақамини нотўғри берган бўлса ҳам шундай ҳолат юз бериши мумкин.

Иккинчи ҳолатда эса тизим билан боғлиқ хатолик бўлиши мумкин. Чунки телефон рақами киритилганда, ўша шахснинг маълумотлари автоматик генерация бўлади. Айни пайтда мутахассисларимиз мазкур муаммо қандай юзага келганини ўрганишмоқда. Ўрганиш натижаси бўйича алоҳида хабар берилади. Сўнгги вақтларда давлат хизматлари бўйича келадиган смс-хабарномаларга оид саволлар кўпайган. Бунга фуқаронинг нотўғри маълумот тақдим этиши ёхуд маълумотларни тизимга киритишда масъул ходимнинг адашиши сабаб бўлмоқда”, дея Севара Зокированинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири. 

Мавзуга оид