Боғдод тумани Боғишамол қишлоғида оддий оиланинг икки фарзанди Фарғона шаҳридаги президент мактабига ўқишга кирган. Тўнғич ўғли таълим даргоҳини тамомлаб, Туркия техника университети талабасига айланди. Жонкуяр ота-она фарзандлари камоли учун тинмай меҳнат қилишади. Ота ўзгаларнинг уйида ишлаб топган пулини ўғилларининг билим олишига сарфлайди.
Заҳматкаш ота-она Kun.uz мухбирига фарзандлари замонавий мактабга кириш учун қандай тайёргарлик кўрганликлари ҳақида сўзлаб берди.
Гўшти учун қуён боқаман
«Икки ўғил, бир қиз отасиман. Президент мактаби Фарғонада ҳам очилгач икки ўғлимни имтиҳонга олиб бордим, биринчи босқичдан ўтишди. Катта ўғлим пастроқ ўринда эди, иккинчи босқичгача яна тайёрланди. Топшириб келишди, натижалар чиқишини интиқ бўлиб кута бошладик. Кечқурун соат 1:00 лар атрофида иккаласи ҳам ўтганини билиб роса хурсанд бўлдик.

Интернет, телефондан ҳам тўғри мақсадда фойдаланиш мумкин экан. Ўғилларимга телефондан ҳар хил тестларни топиб бериб, ечтирардим. Катта ўғлим мактабни битирди, энди эса грант асосида Туркияда ўқияпти. Яратган йўлини очди, омадини берсин.
Мол-ҳолимиз, қуёнларимиз бор. Қуён боқишдан мақсад гўшт пулини болаларнинг ўқиши учун сарфлаб, ўрнига ишлатиш, қуён гўштини фойдали ҳам дейишади.

Ўғлим Туркияга ўқишга кирганида елкамдаги юк ағанади
Қишлоқ жой бўлгани учун шароит бўлмай қоларди баъзида. Чироқ ўчса, шам ёруғида дарс қилишди. Ҳаракат қилгани учун ўқишяпти, мана. Болаларимни ўқитиш учун керак бўлса мардикорлик қилиб, бировнинг ишини қилганмиз. Нима бўлса, шу болаларим қийналмасин, ўқишида камчилик бўлмасин деб ҳаракатдамиз. Эртага халққа, юртга фойдаси тегадиган ўқимишли инсонлар бўлиб етишса, мақсадимизга етган бўламиз. Ўғлим Туркияга ўқишга кирганида ҳам роса хурсандчилик бўлди.

Насиб этса, энди кичик қизимни ҳам президент мактабида ўқитмоқчиман. У ҳозирча 2-синфда ўқийди.






















