Ўзбекистон | 13:51 / 12.02.2022
3862
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда водород энергетикасини ривожлантиришга 10 миллиард сўм ажратилади

Фото: yuz.uz

Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида водород энергетикасини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган, деб хабар бермоқда Энергетика вазирлиги.

2022 йилнинг май ойига қадар водород энергетикаси технологиялари соҳасида умумий қиймати 10 млрд сўмлик илмий-тадқиқотларни ташкил этиш ва янги илмий ишланмалар асосида водород энергиясини олиш, сақлаш ва ташиш технологиясини яратиш дастури тасдиқланади.

Унга кўра:

2023-2024 йилларда водород энергетикаси материаллари ва технологиялари бўйича илмий лойиҳаларни амалга ошириш орқали янги технологиялар (водородни сақлаш учун адсорберлар, металгидрид ташувчилар, водород олиш учун нанокатализатор ва қуёш энергияси асосидаги электролиз) яратилади;

2022-2024 йилларда водород энергетикаси соҳасида етакчи хорижий илмий марказ ва университетларга 20 нафар ёш олим ва мутахассисларнинг илмий стажировкалари ташкил этилади.

Энергетика вазирлиги ҳузурида ташкил этилган Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институти тузилмасида Водород энергетикаси илмий-тадқиқот маркази ҳамда Қайта тикланувчи ва водород энергетикаси технологияларини синаш ва сертификатлаш лабораторияси ташкил этилган.

Ҳозирда ушбу институтда қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш борасида илмий изланишлар олиб бормоқда, дейилади вазирлик хабарида.

Аввалроқ, Энергетика вазирлиги электромобилларни қувватлантириш станциялари тармоғини ривожлантириш дастурини тақдим этиши хабар берилганди

2022 йилнинг 4-чорагига қадар электромобилларни қувватлантириш станциялари тармоғини яратиш ва ривожлантириш юзасидан чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади.

Бунда, республикада фаолият юритаётган АГТКШ, АЁҚШларда, аҳоли кўп йиғиладиган объектлар ҳудудларида электр қувватлантириш, шу жумладан қайта тикланувчи энергия манбалари ёрдамида қувватлантириш станциялари ўрнатилиши назарда тутилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид