Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Допинг истеъмол қилишда гумонланаётган Валиева олимпиададаги иштирокини давом эттиради – CAS қарори
Спорт арбитраж суди (CAS) комиссиясининг кўчма йиғилиши допинг истеъмол қилишда гумонланаётган россиялик фигурист Камила Валиева иши бўйича қарорини эълон қилди. 15 ёшли спортчи мусобақадан четлатилмайди ва Пекин-2022 олимпиадасидаги иштирокини давом эттиради.
7 февраль куни Пекин-2022 қишки олимпиадасида фигурали учиш бўйича спорт жуфтликлари ўртасида жамоавий мусобақа ўтказилиб, унда Россия миллий жамоаси катта устунлик билан ғалаба қозонди. Аммо Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) шу куни медалларни ғолибларга топшириш тантанали маросимини ўтказмади ва уни номаълум муддатга қолдирди.
9 февраль куни спорт янгиликларига ихтисослашган Inside the Games нашри «Тезкор» белгиси билан «Россия допинг сири марказида» номли мақолани эълон қилди. Унда россиялик спортчиларни тақдирлаш маросимининг кечиктирилиши «Олимпиададан олдин топширилган допинг-тест билан боғлиқ бўлиши мумкин»лиги ёзилган эди. Шундан сўнг, россиялик спортчилар дисквалификация қилиниши ва олтин медалдан маҳрум этилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди.
Кейинчалик маълум бўлишича, россияликлар таркибида иштирок этган Камила Валиеванинг 2021 йил декабрь ойида топширган допинг-тестида тақиқланган триметадизин моддаси топилган. Россия антидопинг агентлиги (RUSADA) бу ҳақда спортчига олимпиада арафасида хабар бериб, уни мусобақадан четлатган. Аммо, Валиева бу қарорга апелляция бергач, тақиқни олиб ташлаган.
15 ёшли спортчининг допинг истеъмол қилишда гумонланаётгани маълум бўлгач, Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ), Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA) ва Халқаро чанғичилар иттифоқи (ISU) томонидан RUSADA қарори бўйича Спорт арбитраж судига (CAS) апелляция берилди. Унда спортчини олимпиадада иштирок этишга рухсат берилиши нотўғри қарор бўлгани таъкидланган эди.
CAS махсус комиссияси «Валиева иши» бўйича Пекинда кўчма йиғилиш ўтказиб, 14 февраль куни ўз қарорини эълон қилди.
Комиссия ХОҚ, WADA ва ISU апелляциясини рад қилиб, Валиеванинг олимпиадада иштирок этишига рухсат берди.
Суд қарорида Валиеванинг балоғатга етмагани, шу туфайли «ҳимоя остидаги шахс» экани, Бутунжаҳон антидопинг кодексида «ҳимоя остидаги шахс»ларнинг мусобақалардан вақтинчалик четлатилиши ҳақида ҳеч қандай банд йўқлиги, спортчи Пекин-2022 олимпиадаси пайтида мусбат натижали допинг-тест топширмагани, 2021 йил декабрь ойида топширган допинг-тести мусбат чиққани бўйича суриштирув жараёни давом этаётганини инобатга олган. Комиссия Валиеванинг олимпиададаги иштирокига тақиқ қўйиш «тузатиб бўлмайдиган хато»га олиб келиши мумкин, деб ҳисоблаган.
CAS допинг-тести таҳлилининг мусбат натижа бергани ҳақидаги хабар Валиевага кеч – олимпиада арафасида етказилгани, бу эса унинг ҳуқуқий томондан ҳимояланиш имкониятини пасайтирганини, хабарнинг кеч етказилиши – унинг айби эмаслигига урғу берган.
CAS ўз қарорида фақат спортчининг мусобақадаги иштирокини давом этиши масаласини кўриб чиққан. Унинг допинг истеъмол қилиш бўйича айбдорлиги, Россия миллий жамоасини олтин медалдан маҳрум қилиш масаласи бошқа вақтда ва бошқа йиғилишда кўриб чиқилиши қайд этилган.
Энди Камила Валиева Пекин-2022 олимпиадасининг фигурали учиш бўйича якка баҳсларида иштирок этиши мумкин.
Бироқ, «Валиева иши»га сўнгги нуқта қўйилмади. Унинг допинг таҳлили мусбат чиққанлиги бўйича суриштирув якунлари олимпиададан кейин кўриб чиқилади. Агар спортчининг айби исботланса, узоқ муддатга дисквалификация қилиниши, натижалари бекор қилиниб, медаллардан маҳрум этилиши, Россия олимпия қўмитаси ҳам жиддий жазоланиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги йилларда допинг билан боғлиқ кўплаб можаролар туфайли Россия олимпия қўмитаси (РОҚ) ХОҚ томонидан жазоланиб, катта мусобақаларда, жумладан Пекин-2022 олимпиадасида мамлакат номи, байроғи ва мадҳияси билан иштирок этишдан маҳрум қилинган эди. Мусобақаларда спортчиларга фақат РОҚ аббревиатураси остида қатнашиш ва унинг байроғидан фойдаланишга рухсат берилган. Уларнинг шарафига давлат мадҳияси эмас, композитор Чайковский мусиқаси янграмоқда.
Мавзуга оид
17:53 / 14.11.2025
Олимпиада чемпиони Лазизбек Муллажонов допинг туфайли 3 йилга четлатилди
21:35 / 03.10.2025
Рамазон Темиров бир йилга дисквалификация қилинди
20:54 / 08.08.2025
Лазизбек Муллажонов биринчиси эмас. Допинг сабаб дисквалификация қилинган машҳур ўзбек спортчилари
21:59 / 06.08.2025