Жамият | 10:04 / 17.02.2022
942
1 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда ЙПХ ходимларининг қонуний талабига бўйсунмаган ҳайдовчи 15 суткага қамалди

Шунингдек, ЙПХ ходимларининг хизмат вазифасини бажаришига халақит берган шахслар ҳам жазоланди.

Фото: Fotolia

Маълум қилинишича, Яккабоғ туманида ЙПХ ходимлари ва қонуний талабга бўйсунмаган Nexia-3 машинаси ҳайдовчиси ўртасида зиддиятли вазият юзага келган. Ўша атрофда бўлган айрим шахслар ЙПХ ходимларининг хизмат вазифасини бажаришга халақит берган. Шундан сўнг ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар 2022 йил 16 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Яккабоғ туман суди томонидан ўрганиб чиқилган.

Nexia-3 ҳайдовчиси, 1990 йилда туғилган Н.Х.нинг хатти-ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси 1-қисми ҳамда 195-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд деб топилиб, унга нисбатан 14 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Шунингдек, 1985 йилда туғилган Ф.У. ҳамда 1987 йилда туғилган А.Б.нинг хатти-ҳаракатларида МЖТКнинг 194-моддаси 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд деб топилган. Уларнинг ҳар бирига БҲМнинг 3 баравари миқдорида (810 000 сўм) жарима жазоси тайинланган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид