Ўзбекистон | 08:45 / 19.02.2022
11125
2 дақиқада ўқилади

Тўйларда муаллифлик ҳуқуқига риоя қилмаганларнинг лицензияси тугатилади

Фото: Flickr / Ben Grey

Президентнинг “2022-2025 йилларда Ўзбекистонда интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони лойиҳаси эълон қилинди.

2022 йил 1 мартдан бошлаб жисмоний ва юридик шахслар томонидан концерт-томоша тадбирларида, тўйлар ва бошқа тантаналарда муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларга риоя қилмаслик лицензия талаблари ва шартларининг қўпол равишда бузилиши сифатида эътироф этилиб, лицензияни қонунчиликка мувофиқ тугатиш тартиби жорий қилинади.

Аккредитацияланган сертификатлаштириш органлари томонидан республикада ишлаб чиқарилаётган, реализация қилинаётган маҳсулотларни сертификатлаштириш, уларда қўлланилган ном, қадоқлар ва бошқа реквизитларда интеллектуал мулк объектларига (товар белгиси, товар келиб чиққан жой номи ва саноат намунасига) бўлган ҳуқуқларга риоя этилган ҳолда амалга оширилади.

Муаллифлар, ижодкорлар ва турдош ҳуқуқ субъектларини янги асарлар, ижролар, фонограммалар ва кўрсатувлар яратишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида, 2022 йил 1 апрелга қадар Интеллектуал мулк агентлиги расмий сайтида муаллифлар, ижодкорлар ва турдош ҳуқуқ субъектларининг асарлари ва маҳсулотларидан фойдаланганлик учун тўланадиган муаллифлик ҳақини ҳисоблаб берувчи махсус калькулятор модули фаолияти ишга туширилади.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва Интеллектуал мулк агентлигининг 2022 йил 1 декабрдан бошлаб эксперимент тариқасида Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи нашриётлар томонидан муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларга риоя этилишини таъминлаш ҳамда истеъмолчиларга фақат асл ноширлик маҳсулотлари етказилишини йўлга қўйиш мақсадида, ҳар бир нашриёт томонидан ноширлик маҳсулотлари махсус ҳимояланган QR-код билан чоп этилишини амалиётга жорий қилиш тўғрисидаги таклифи қўллаб-қувватланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид