Ўзбекистон | 17:58 / 21.02.2022
7648
2 дақиқада ўқилади

Молия вазири ўринбосари Андижонда давлат харидларига оид қонундаги янги ўзгаришлар юзасидан анжуман ўтказди

Фото: KUN.UZ

2021 йил 22 апрелда қабул қилинган «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг асосий мақсадларидан бири - давлат харидлари соҳасини, ундаги жараёнларни давлат томонидан тартибга солишдан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан мазкур қонун мазмун-моҳиятини ёритиш, соҳадаги янгиликларни жамоатчиликка кенг тарғиб қилиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 17 февраль куни Андижон вилоят молия бошқармасида молия вазири ўринбосари Одилбек Исақов иштирокида “Давлат харидлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва ундаги ўзгаришларга бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Унда вилоятда фаолият юритаётган бюджет ташкилотлари ҳисобчилари ва масалага дахлдор масъул мутахассислар иштирок этдилар. Бунда асосий эътибор давлат харидларидаги янгиликлар, уларнинг афзалликлари ва қулайликларига қаратилди.

Шунингдек, бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш, очиқлик ва шаффофлик, рақобатнинг мавжудлиги, давлат харидлари тизимининг ягона-яхлитлиги, коррупцияга йўл қўймаслик принциплари бирма-бир тушунтириб ўтилди.

2022 йилнинг 1 январидан бошлаб давлат буюртмачиларига энг яхши таклифларни танлаш ва тендер савдолари бўйича харидлар электрон савдолар орқали амалга ошириш тизими жорий этилиши ушбу соҳада инсон омили қатнашиш жараёнини камайтирганлиги ва бу орқали вужудга келиши мумкин бўлган коррупциявий холатларнинг олди олиниши қайд этилди.

Савол-жавоб тарзида ўтган давра суҳбатида бюджет ташкилотлари бош ҳисобчиларини қизиқтирган масалалар бўйича соҳа мутахассислари томонидан батафсил тушунчалар берилди. Давлат харидлари жараёнида юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар муҳокама қилинди.

Элмурод Эрматов ва Азизбек Исмоилов тайёрлади

Мавзуга оид