100 миллион долларлик шахсий самолёт, банклар ва телеканаллар, миллиард долларлик нақд пуллар, Қозоғистондаги энг ҳашаматли меҳмонхоналар, кўплаб савдо марказлари ва гольф майдончаси. Шунингдек, омборлар, макарон заводи ва ҳатто ободонлаштириш компанияси. Энг камида умумий қиймати 8 миллиард долларга тенг бўлган ушбу бизнес ва активлар ўртасида ҳеч қандай аниқ боғлиқлик йўқдек туюлиши мумкин, аммо уларнинг барчаси Қозоғистоннинг узоқ йиллик раҳбари Нурсултон Назарбоевга бевосита алоқадор. Бу ҳақда OCCRP тадқиқотчи журналистлар уюшмаси ўтказган суриштирув маълумотларида келтириб ўтилган.

Қайд этилишича, бу улкан бойликларни ўзлаштиришда Назарбоев тўртта хусусий хайрия жамғармасидан таркиб топган ғайриоддий механизмдан фойдаланган. Жамғармалар «миллат отаси»нинг узоқ йиллик ҳукмронлиги даврида, гўёки Қозоғистон халқига ёрдам бериш учун очилган. Аммо бу ташкилотлар болаларга совғалар тарқатиш ёки қозоқ тилини оммалаштириш чоғида ҳам ўнлаб тадбиркорлик субъектларидаги улушларни яширинча тарзда қўлга киритган.

Жамғармалар нотижорат ташкилот сифатида ташкил этилгани боис, Назарбоевнинг ўзи улардаги катта маблағларга расман эгалик қилмайди. Бироқ OCCRP билан боғланган бир қанча юридик экспертларга кўра, Қозоғистон қонунчилиги хусусий жамғарма асосчиси ташкилотдаги барча активлари устидан якуний назоратга эгалигини инкор этмайди. Жамғармалар томонидан харид қилинган активлар учун қанча миқдорда пул тўлангани ҳам номаълум, сабаби оддий корхоналардан фарқли ўлароқ, жамғармалар ўзларининг йиллик ҳисоботларини эълон қилмайди.

Миллиардлаб долларлик активларга эга жамғармалар

Назарбоев президентлик даврининг сўнгги ўн йиллигида миллиардлаб долларлик активларга эга бўлган фондлар яратишни бошлаган.

Улардан бири, «Foundation of the First President of the Republic of Kazakhstan – Elbasy» жамғармаси бўлиб, бир неча йил аввал жамоат фонди сифатида ташкил этилади, бироқ 2011 йилда у «хусусий» деб қайта таснифланди ва Назарбоев унинг асосчиси сифатида қайд этилди (Фонд 2021 йилда тугатилган).

2009 ва 2010 йилларда яна иккита хусусий жамғарма – «Nazarbayev Foundation» ва «Nursultan Nazarbayev Foundation»га асос солинган. 2013 ва 2021 йилларда яна иккита «Demeu» («Ёрдам») ва «Elbasy» («Миллат етакчиси») жамғармалари тузилади.

Жамғармаларнинг ўхшаш номлари ва фаолияти ҳақида ҳисобот бериш усули уларни бир-биридан фарқлашни янада қийинлаштиради.