Ўзбекистон | 10:09 / 01.03.2022
8950
3 дақиқада ўқилади

20 мингдан 200 минг АҚШ долларигача: ДХХ ҳудудларда ер майдонларини ноқонуний сотишга уринганларни қўлга олди

Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида бир нечта вилоятда ноқонуний ер сотилиши ҳолатлари олди олинди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан прокуратура органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда вилоят қурилиш бош бошқармасининг Давлатобод туман бўлими мутахассиси тадбиркорга мансабдор танишлари орқали мазкур туман ҳудудидан 2 гектар ер майдони расмийлаштириб бериш ҳамда у ерга кўп қаватли уй ва ишлаб чиқариш объекти қуришга рухсат олиб бериш эвазига, ундан 200 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Шунингдек, Хизматнинг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ҳам бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан биргаликда бир нечта тезкор тадбир ўтказилган.

Хусусан, Миллий Гвардиянинг Самарқанд вилоят қўриқлаш бошқармаси назоратчиси муқаддам 2 маротаба судланган шахс билан ўзаро тил бириктириб, Самарқанд туманидаги ўзганинг номида бўлган фермер хўжалигининг 6 гектар ер майдонини 157 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 100 минг доллар олган вақтида ушланган.

Бундан ташқари, Оқдарё туманидаги фермер хўжалиги раҳбари мазкур хўжалик балансидаги 4,8 гектар ер майдонини 45 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 25 минг доллар олган вақтида, Ургут туманидаги фермер хўжалик бошқарувчиси эса 1 гектар ерни харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 20 минг доллар олган вақтида қўлга олинган.

Қайд этилишича, Бухоро вилояти Шофиркон туманида яшовчи, якка тартибдаги тадбиркор ўзининг ўғли номида бўлган фермер хўжалигининг 7,4 гектар ер майдонини ҳокимият идораларидаги мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, эвазига 84 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармалари ходимлари томонидан ушланган.

Тошкент шаҳрида кузатилган ҳолатда эса Бектемир туманидаги боғдорчилик-узумчилик ширкати аъзоси бўлган фуқаро ушбу ширкат ҳудудидаги 4 сотих ер майдонини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 17.600 АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинган.

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидаги деҳқон хўжалиги раҳбари мазкур хўжалик балансида бўлган 40 сотих суғориладиган ер майдонини кадастр тизимидаги танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 30 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 10 минг доллар олган вақтида ДХХ ва ИЖҚК департаментининг вилоят бошқармалари ходимлари томонидан ушланган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид