Синоптиклар март ойида об-ҳаво қандай бўлиши тўғрисида маълумот берди
Март ойи ҳарорат кўтарилиши билан бошланади. 1-4 март кунлари ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилади ва 4 мартга келиб ҳарорат кундузи 20-23 даража иссиқни ташкил этади.
“Ўзгидромет” хабарига кўра, шу кунларда асосан қуруқ об-ҳаво кутилмоқда, фақат республиканинг айрим ҳудудларида 1 мартда кундузи ва 2 мартга ўтар кечаси бироз ёмғир ёғиши мумкин.
5 мартдан бошлаб об-ҳаво ёмонлаша бошлайди. Республика бўйича ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши, баъзи жойларда кучли шамол эсиши ва март ойининг биринчи ўн кунлиги учун меъёрга яқин қийматларгача ҳаво ҳарорати пасайиши мумкин.
Кейинчалик ой охиригача март ойига хос бўлган беқарор об-ҳаво кутилмоқда. Баҳорнинг биринчи ойи ҳарорат кескин ўзгариши билан тавсифланади, бунда тез исиш даврлари кескин совуқ даврлар билан алмашади, баъзида қисқа муддатга ёмғир қорга айланиши ва кечаси ҳарорат манфий қийматларгача пасайиши билан кузатилади.
Сўнгги 50 йил ичида 1972 йилнинг март ойи энг совуқ бўлган, март ойининг учинчи ўн кунлигида ҳарорат кечалари 10-15 даража совуққача пасайган.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда март ойи илиқлашди. 2008, 2016, 2018 йилларнинг март ойилари барча кузатув йиллари учун энг илиқ учликка кирди. Март ойининг энг илиқ кунларида эса ҳарорат 30-32 даража иссиққача, жанубда баъзи жойларда 35-37 даража иссиққача кўтарилган.
Ўзбекистонда март ойи ёғингарчилик миқдори бўйича ҳам, ёғингарчилик кунлари сони бўйича ҳам йилнинг энг ёғингарчилик кўп бўладиган ойи деб ҳисобланади. Шимолий ҳудудлар ва чўл зонасини ҳисобга олмаганда, март ойида ўртача 10 кундан 15 кунгача ёғингарчилик бўладиган кунлар кузатилади.
Сўнгги 10 йил ичида, 2013 йил ва 2014 йил март ойида энг кўп ёғингарчилик кузатилган йиллар ҳисобланади. Ушбу йилларда ёмғир қорга айланиши биринчи ўн кунликда тез-тез кузатилган, вақти-вақти билан кучли бўлган ва уларнинг ойлик миқдори бир ярим-икки ойлик меъёргача етган.
Сўнгги 25 йилда 1998 йилнинг март ойи энг қорли бўлган, бунда Тошкентда 9 кун давомида қор қоплами кузатилган, унинг максимал баландлиги эса 22 сантиметрни ташкил этган.