Жамият | 14:27 / 04.03.2022
13546
3 дақиқада ўқилади

“Болам бир кунда 5 маҳал дори ичиб яшаяпти”: митти жоннинг улкан дарди

Жигарида нуқсон билан дунёга келган Муҳаммадризога отасининг жигаридан бир қисми кўчириб ўтказилган. 1 ёшли гўдакнинг батамом соғайиши учун яна хорижга бориб кўрикдан ўтиш ва муолажани давом эттириш зарур. Ижарада яшайдиган оилада ҳозир ҳеч ким ишламайди – донорликдан сўнг оила бошлиғи яримжон бўлиб қолган.

Эндигина 1 ёшга тўлаётган болакайнинг жавдираган кўзлари яшамоқ истайди. Ўзи митти бўлса-да катта дардни енгишда тиним билмаётган вужудидаги юракча ҳаёт учун уради. Фарғоналик Муҳаммадризо туғилгандаёқ жигарида нуқсон борлиги маълум бўлган. 4 ойлик чақалоқда жигар циррози аниқланиб, Ҳиндистонда ўтказиладиган операция тавсия қилинган.

“Болам 4 ойлигида Ҳиндистонга олиб бордик, аммо пулимиз етмасдан қайтиб келдик. Ҳамма топган-тутганларимизни сотиб, қариндош-уруғлар ёрдами билан яна бориб операция қилдирдик. Операциямиз маблағининг асосий қисми "Она фонди" томонидан тўлаб берилди ва биз улардан жуда миннатдормиз. Ўғлимга отаси донор бўлди. Жигарининг бир қисмини унга кўчиришди. Энди уни кўрикдан ўтказиб туришимиз, дори-дармонларини вақтида етказиб беришимиз керак. Шунда фарзандим соғайиб кетади. Лекин операциядан кейин моддий аҳволимиз батамом қийинлашди. Хорижга бориб келиш учун йўл харажатларига ҳам имкон тополмаяпмиз”,- дейди бемор болажоннинг онаси Моҳида Тожиматова.

Боланинг отаси Бобомурод Тожиматов ўғлига донорликдан сўнг саломатлигини ҳали тўлиқ тиклаб улгурмаган. Ҳозирча бирор жойда ишлаш учун соғлиги тўғри келмайди. Кира қилиб тирикчилик ўтказадиган автомобилини эса операция харажатлари учун сотиб юборган.

Оила айни пайтда ижарада яшашади: қишлоқ шароитидаги ҳолат бемор бола парвариши учун оғирлик қилгани сабаб бировнинг уйида туришибди.

“Ўйнаб турган болаларни кўриб менинг болам ҳам шунақа юришини орзу қиламан. Кўпчиликка қўшиш мумкин эмас, уйдан чиқмаймиз. Ҳатто ота-онамни кўришга ҳам бора олмайман. Ўғлимнинг озиқ-овқатига эътибор беришим керак. Бир кунда 15 маҳал дори ичиши керак”, - дея йиғлайди онаизор.

Жисмига ҳаёт неъмати ато этилган ҳар бир жон узоқ яшашни истайди. Минг бир рангда тусланаётган дунёга жавдираган кўзлари билан боқаётган гўдакнинг умри узоқ бўлишига ҳисса қўшганларнинг савоблари қабул бўлғуси.

Муҳаммадризо Ғуломжоновга оид маълумотлар: 

Ўзкард: 8600 0417 3731 5771 отаси Бобомурод Тожиматов номида

Ҳумо: 9860 2301 0345 9197 онаси Моҳида Тожиматова номида

Виза: 4231 2000 0826 7790 отаси Бобомурод Тожиматов номида

Мавзуга оид