Ўзбекистон | 12:03 / 06.03.2022
67087
7 дақиқада ўқилади

Чўққига урилган Ил-14: Бойсун тоғларида қулаган йўловчи самолёти ҳалокатига нима сабаб бўлганди?

1959 йилда Кобул-Термиз-Тошкент йўналишида парвоз қилаётган йўловчи самолёти Бойсун тумани тепасидан учиб ўтаётганда радарлардан йўқолади. Учувчи билан алоқа узилади. Самолёт ёки унинг қолдиқларини бир ой қидириб топа олишмайди. Шундан сўнг унинг изсиз ғойиб бўлгани ҳақида хабар тарқатилади. Аслида эса самолёт ҳалокатга учраганди.

Фотоколлаж: Kun.uz

Ўзбекистон фуқаро авиацияси тарихида ўндан ошиқ авиаҳалокатлар содир бўлган ва уларда кўплаб инсонлар ҳалок бўлган. 1959 йил 13 декабр куни Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани ҳудудидан учиб ўтаётганда ҳалокатга учраган Ил-14 самолёти ҳам улардан бири ҳисобланади. Мазкур авиаҳалокат оқибатида 5 нафар экипаж аъзоси ва 25 нафар йўловчи ҳалок бўлади. Улар орасида 2 нафар Хитой, 3 нафар Германия Федератив Республикаси фуқаролари ҳам бор эди.

Кобул-Термиз-Тошкент йўналишида учаётган самолёт Бойсун тоғлари тепасидан ўтаётганида радарлардан йўқолади ва учувчилар диспетчерга жавоб бермайди. Белгиланган вақтда Тошкентга етиб бормаган Ил-14 ни учувчилар билан алоқа узилган жой – Бойсун тумани ҳудудидан қидира бошлашади. Аммо бир ой давом этган қидирувда самолёт ёки унинг бўлаклари топилмайди. Шунда самолётни хорижга олиб қочиб кетишган, деган тахминга боришади. Аммо аслида бундай эмас эди, самолёт ҳалокатга учраганди. Орадан 6 ой ўтгач, унинг қолдиқларини тасодифан кўриб қолишади.

Ил-14 ҳақида

Ил-14 самолёти Ил-12 самолёти базасида 1954 йилдан 1959 йилгача ишлаб чиқарилган. Мазкур самолёт аввалига Москва, сўнг Тошкент авиация заводи шунингдек, ГДР ва Чехословакияда ҳам ишлаб чиқарилган.

Ил-14 самолётларидан нафақат совет фуқаро авиациясида фойдаланишган, балки у хориж давлатларига ҳам экспорт қилинган. 5 йил давомида Ил-14 дан қарийб 3 500 дона ишлаб чиқарган.

Фото: Wikipedia

Кейинчалик Ил самолётларининг бошқа русумлари чиқарила бошлангач, Ил-14 ни ишлаб чиқариш тўхтатилади. Аммо ундан 2005 йилгача фойдаланишган. Ил-14 самолётларининг ўзи ҳам бир неча русумда ишлаб чиқарилган бўлиб, уларда 24 нафардан 36 нафаргача йўловчи ўрни бўлган.

Парвоз

1957 йилда Москва авиация заводида ишлаб чиқарилган Ил-14 самолёти Ўзбекистон фуқаро авиация бошқармасига қарашли Тошкент авиаотрядига берилган. Самолёт қисқа йўналишларга учишга мўлжалланган эди.

Бойсунда ҳалокатга учраган Ил-14 самолёти ўшангача 3 029 соат парвоз қилганди.

Мазкур самолёт 1959 йил 13 декабр куни Кобул-Тошкент халқаро йўналишида парвоз қилади ва Термизда тўхтайди. Ўша куни унинг бортида 25 нафар йўловчи ва 5 нафар экипаж аъзолари бор эди. Самолёт маҳаллий вақт билан соат 10:02 да Термиз аэропортидан парвоз қилади.

Фото: allaircraft.ru

Самолётнинг изсиз ғойиб бўлиши

Ўша куни гидрометеорология хизмати ҳаво булутли бўлиши ва қор ёғиб бўрон кўтарилиши мумкинлиги ҳақида маълумот беради. Парвоз вақтида кўриш даражаси жуда паст бўлади.

Самолёт 3 600 метр баландликка кўтарилгач, шимолга қараб йўл олади. Соат 10:27 да экипаж диспетчерга самолёт Бойсун тоғлари орасида жойлашган Дарбанд қишлоғи устидан учиб ўтаётгани ҳақида хабар беради. Бу экипажнинг сўнгги хабари эди. Орадан бир минут ўтиб, экипаж билан алоқа узилади ва самолёт радарлардан йўқолади.

Фото: LiveJournal

Самолёт белгиланган вақтда Тошкентга етиб бормагач, дарҳол қидириш ишлари бошланади. Қишнинг булутли ва ноқулай об-ҳавосида бир ой давомида олиб борилган қидирув натижасиз тугайди. Самолётнинг на ўзини, на қолдиқларини топишнинг имкони бўлмайди.

Ўшанда самолёт топилмагач, экипаж уни хорижга олиб қочган, деган тахминга ҳам боришади. Аммо бирор хорижий давлатдан Ўзбекистонга тегишли Ил-14 самолёти олиб қочиб борилгани ҳақида хабар олинмайди. Шу тариқа самолёт изсиз йўқолади.

1960 йил 19 январ куни самолёт йўқолган вақтдан 37 кун ўтиб, СССРнинг Кобулдаги элчихонаси Ил-14 йўловчи самолётининг йўқолгани ҳақида расмий хабар тарқатади.

Ил-14 қолдиқларининг топилиши

1960 йил 2 июн куни Ил-14 йўқолганидан олти ой ўтиб, Бойсунтоғ тизмаси устидан учиб ўтаётган Ми-1 вертолётининг экипажи тасодифан Бойсун шаҳридан 27 километр шимолий-шарқда, Қуштанг тоғи ёнбағрида самолёт қолдиқларини кўриб қолади. Экипаж дарҳол қутқарув хизматига хабар беради.

Айтилган манзилга етиб келган қутқарувчилар самолёт қолдиқларини кўздан кечириб, у олти ой аввал изсиз йўқолган Ил-14 эканини аниқлашади. Дастлабки текширувда самолёт 3 700 метр баландликдан тоғ чўққисига урилиб, қулаб тушгани маълум бўлади.

Фото: Байкал Daily

Соҳа мутахассислари аввал самолётнинг ўнг қаноти чўққига урилиб узилиб тушгани, сўнг чап қаноти билан тоғ тепасига қулаган самолёт 200 метр пастликка тушиб кетганини аниқлайди. Ана шунда самолёт бўлакларга бўлиниб кетади ва ундаги йўловчилар ҳамда экипаж аъзолари ҳалок бўлишади.

Ҳалокат сабаблари

Махсус комиссия ҳалокатга учувчиларнинг қоидаларни бузган ҳолда парвоз қилгани сабаб бўлган, деб топади. Суриштирувларда аниқланишича, Термиздан ҳавога кўтарилган самолёт белгиланган йўналишдан эмас, балки Бойсун тоғлари оралаб Тошкентга тўғри борадиган яқинроқ йўналишдан учган. Ўшанда самолёт ўз йўналишидан 40-50 километр четланиб парвоз қилган ва шу сабабли қутқарувчилар уни топа олишмаган.

Шунингдек, экипаж аъзолари парвоз вақтида шамол йўналишини ҳам ҳисобга олмаган. Бўрон бошланганда кучли шамол самолётни тоғ чўққилари томонга суриб кетган. Қалин булутлар орасида кўрувчанлик даражаси паст бўлгани учун экипаж тоғлар орасида хавфли парвоз қилаётганини билмаган.

Оқибатда, аввал самолётнинг ўнг қаноти тоғ чўққисига урилади. У узилиб тушгач, чап қанот самолётни пастга тортиб кетади ва у тоғ тепасига қулаб тушади. Сўнг унинг чап қаноти ҳам узилиб тушади. Бўлакларга бўлиниб кетган самолёт 200 метр пастликка қулаб тушади ва тоғ тепасидаги ялангликка сочилиб кетади.

Шундан сўнг ҳалокат сабабларини ўрганган комиссия Термиздан учган самолётларнинг аксарияти парвоз вақтида белгиланган йўналишдан эмас, айнан ҳалокатга учраган Ил-14 парвоз қилган жойдан учиб ўтишини аниқлайди.

Термиз ва Тошкент шаҳарлари орасидаги масофа белгиланган йўналиш бўйича учганда қарийб 600 километрни, агар тўғри йўналиш бўйлаб тоғлар тепасидан училса, 470 километрни ташкил этиши маълум бўлади. Учувчилар вақт ва ёнилғини тежаш учун шундай йўл тутганлари ойдинлашади.

Фото: airliners.net

Суриштирувлар давомида учувчиларнинг доимий равишда қоидаларга зид равишда бошқа йўналиш бўйлаб парвоз қилганига диспетчерлар ҳам эътиборсизлик билан қарагани аниқланади.

Комиссия хулосаси билан Тошкент-Термиз йўналишида парвоз қилаётган аксарият қоидабузар учувчилар ва уларга эътиборсизлик қилган диспетчерлар ишдан ҳайдалади. Шундан сўнг мазкур йўналишда бошқа ҳалокат кузатилмайди.

Ил-14 нинг ҳалокати СССРда шу русумдаги самолёт билан боғлиқ энг кўп одам ҳалок бўлган илк ҳодиса – Ўзбекистон фуқаро авиацияси тарихидаги иккинчи ҳалокат эди. Биринчиси 1942 йил 12 декабр куни Урганч-Тошкент йўналишида парвоз қилган АНТ-самолёти ҳалокати эди. Ўшанда самолёт Тошкентга етишига 50 километр қолганда ҳалокатга учраган ва унинг бортида бўлган 10 нафар экипаж аъзолари ва 26 нафар йўловчи ҳалок бўлганди.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид