Россиянинг iFly авиакомпанияси 5 мартдан Ўзбекистонга парвозларни вақтинча тўхтатди
Россия Федерациясининг Smartavia ва iFly авиакомпанияларининг Ўзбекистонга амалга ошириладиган парвозлари вақтинча бекор қилинди. Бу ҳақда Фуқаро авиацияси агентлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, икки авиакомпания Ўзбекистон фуқаро авиацияси аэродромларига бир марталик парвозни амалга ошириш учун рухсатномаларга эга. Аммо Smartavia авиакомпанияси 7 март кунига режалаштирилган Москва—Урганч—Москва йўналишидаги парвоз бажарилмаслиги юзасидан расмий маълумот берди.
Шунингдек, iFly авиакомпанияси 5 март санасидан бошлаб Ўзбекистонга бажарилиши кутилаётган ҳамда барча режалаштирилган йўналишларда ўз парвозларини номаълум муддатга тўхтатди. Авиакомпания бу ҳақдаги расмий маълумотни Ўзбекистон авиация маъмуриятига тақдим этди.
«Бекор бўлган авиақатновлар йўловчилари авиачипта пулларини қайтариш ёки чипталарини бошқа муддатга қайта бронлаш масалалари юзасидан ушбу чипталарни харид қилган авиакассаларга мурожаат этишлари тавсия этилади», дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 24 февраль куни Россия Украинага бостириб киргач, Ғарб томонидан қатъий санкцияларга учрамоқда. 27 февраль куни Европа давлатлари Россия самолётлари учун ўз ҳаво ҳудудини ёпишини эълон қилган.