Ҳафта давомида ёмғирли об-ҳаво кутилмоқда - «Ўзгидромет»
Бугун кундуз куни Ўзбекистон ҳудуди бўйича ҳаво ўзгариб туради, Фарғона водийси вилоятларида куннинг биринчи ярмида, республиканинг қолган ҳудудларида куннинг иккинчи ярмида баъзи жойларда ёмғир ёғади.
“Ўзгидромет” хабарига кўра, Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида куннинг биринчи ярмида баъзи жойларда бироз ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчилик бўлади. Ҳаво ҳарорати 13-18 даража илиқни ташкил этади.
Кейинчалик, иш ҳафтасининг охиригача, Эрондан ва Каспий денгизи ҳудудларидан бир қатор нам ҳаво массалари кириб келиши ҳисобига республика ҳудудлари бўйича беқарор об-ҳаво сақланиб туради.
Фақат 10 мартда республика ҳудудларининг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди, ҳафтанинг қолган кунлари республиканинг барча вилоятлари бўйича турли жадалликдаги ёмғирлар танаффус билан ёғиши кутилмоқда. Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида ёмғир камроқ ёғади ва ёғингарчилик орасидаги танаффус узоқ бўлади.
10-11 мартда баъзи жойларда шамол тезлиги 17-22 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳафтанинг биринчи ярмида ҳаво ҳарорати 11-16 даража илиқ атрофида бўлади, иккинчи ярмида эса ҳарорат 18-21 даража иссиққача кўтарилади.
Республиканинг тоғли ҳудудларида ёғингарчилик ёмғир ва қор кўринишида бўлади ва қор кўчкиси хавфини яратади. 12-13 март, дам олиш кунларида ҳам ёмғирли об-ҳавонинг беқарорлиги сақланиб туради.